Муқобил энергия келажак энергияси кафолати бўладими?

Инсониятнинг энергияга бўлган эҳтиёжи тобора ортмоқда. Аммо бу атроф-муҳитнинг кўп миқдорда ифлосланишига олиб келмоқда, экологияга салбий таъсир кўрсатяпти.

Маълумотларга кўра, 2021 йилда энергетика соҳасида (транспорт, иссиқлик ишлаб чиқариш, саноат, қурилиш, уй ва корхоналарни ёритиш ва иситиш учун) дунё бўйича атмосферага 76 фоиз ташланмалар аниқланган. Унинг 68 фоизи 10 та мамлакат ҳиссасига тўғри келади - Хитой (26,1 фоиз), АҚШ (12,67 фоиз), Евроиттифоқ (7,52 фоиз), Ҳиндистон (7,08 фоиз) ва Россия (5,36 фоиз).

Электр энергиянинг асосий қисми фойдали қазилмаларнинг ёқилишидан олинади (кўмир, табиий газ, нефть, сланец, торф). Халқаро энергетика агентлиги (ХЭА)нинг хабарига кўра, 2021 йилда жами электр энергиянинг 37 фоизи кўмирдан, 23,5 фоизи эса табиий газ ёқилишидан ишлаб чиқарилган. Worldometer сайтининг хабарига кўра, дунёда 200 миллиард тоннадан кам нефть захираси қолган. Бу 47 йилга етади, холос.

Кўмир захираси 1 триллион тонна, табиий газ 170 миллиард куб метр атрофида қолган. Уларнинг захираси, яъни кўмир тахминан 133 йилга, газ 52 йилга етади.

АҚШ энергетик ахборот бошқармаси (EIA)нинг хабарига кўра, барча турдаги электр станциялар атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатади. Ёнилғилар, биомасса ва чиқиндиларнинг ёқилиши оқибатида атмосферага карбонат ангидрид, олтингугурт диоксиди, азот оксидлари, оғир металлар (масалан, симоб) чиқарилади. Кўмир, биомасса ва чиқиндилар тўлиқ ёнмайди. Улардан кул ва қурум қолади. Уларнинг барчасида токсик элементлар, яъни мишьяк ёки симоб бор. Учувчи бирикмалар ҳавода тутунли газлар орқали тарқалади. Электр станциялар кулни чиқинди полигонларига ташлашади ёки сув билан аралаштириб, махсус ҳовузларда сақлашади. АҚШда улар очиқ ҳавзаларга қуйилиш ҳолатлари қайд этилган.

Энергия ишлаб чиқариш учун ёнилғи материалларини қазиб олиш сув ресурсларига ҳам жиддий таъсир кўрсатади. ЮНЕСКО маълумотига кўра, денгизда 120 тонна нефтни қазиб олишда 400 тонна қазиш шлами ва минг тоннадан ортиқ турли чиқиндилар сувга ташланади. Гидрокесиш усули билан ерни очишда оқова сувлар ҳосил бўлиб, улар ер ости сувларини ифлослантиради.

Халқаро энергетика агентлигининг хабарига кўра, 2021 йилда электр энергияга бўлган талаб 6 фоизга ўсган. Бироқ электр энергиясини ишлаб чиқариш, ташиш ва истеъмоли олтингугурт диоксиди кислота ёмғирларини келтириб чиқариши билан атроф-муҳитга катта зарар етказади. Булар ҳайвон ва ўсимликлар учун жуда ҳам хавфли. Мазкур бирикма инсоннинг юрак-қон томир фаолияти, нафас йўлларига салбий таъсир кўрсатади. Азот оксиди токсик бўлиб, ўпка саратонини ҳам келтириб чиқариши мумкин. Асосийси, у иқлим ўзгаришини тезлаштиради.

Электрстанциялар ичида экология учун энг хавфлиси кўмирда ишлайдиган ТЭСлардир. Кўмирнинг ёқилиши оқибатида ҳавога азот оксиди, олтингугурт икки оксиди, оғир металлар чиқарилади.

Greenpeace ҳамда Энергетикани тадқиқ этиш ва тоза ҳаво маркази (CREA)нинг 2020 йилги ҳисоботига кўра, атроф-муҳитнинг ифлосланиши натижасида экологияга йилига 8 миллиард доллар зарар етказилади. Ҳавонинг ифлосланиши дунё бўйича 4,5 миллион инсоннинг ҳаётига зомин бўлади. Ҳавонинг ифлосланиши натижасида йилига 40 минг нафар бола 5 ёшга етмай вафот этади.

Тўғонлар бўйича халқаро комиссиянинг хабарига кўра, ГЭСлардаги сув ўсимликларининг чириши натижасида ҳавога 28 фоиз иссиқхона газлари чиқади. Дунёда сув омборлари қурилиши ва унинг сувга тўлдирилиши оқибатида 34 та ҳайвонот, 12 та ўсимлик тури бутунлай йўқ бўлиб кетган.

Бутунжаҳон ядро ассоциацияси маълумотларига кўра, 2021 йили дунёда 442 та ядровий реактор ишлаган. Уларнинг 70 фоизи атроф-муҳитга зарарли, баъзиларида радиоактив сувлар сув остини зарарламоқда.

Хўш, электр энергияси ишлаб чиқаришда ҳозирда қўлланилаётган деярли барча услублар инсониятга зарарли бўлса, унда қандай энергия туридан фойдаланиш лозим. Ахир дунёни энергиясиз тасаввур этиб бўлмайди.

Хавфсиз энергия борми?

Жаҳоннинг кўплаб таниқли эколог ва энергетиклари энг хавфсиз энергия тури сифатида муқобил энергиядан фойдаланишни таклиф этишмоқда. Чунки бу турдаги энергияни экологияга зарар етказмасдан олиш мумкин.

Бу турдаги энергия қуёш, шамол, геотермал иссиқлик (ер ости иссиқлиги), биоёнилғидан олинади. Уларнинг ёқилиши натижасида ҳавога жуда кам ташланмалар чиқарилади. ХЭАнинг маълумотига кўра, дунёда 2020 йилда муқобил энергия ишлаб чиқарилиши 29 фоизга етган. 2050 йилда карбонат ангидрид ҳавога ташланишини 0 фоизга етказиш учун муқобил энергия 60 фоизга етиши лозим.

БМТнинг Тараққиёт дастури, Глобал экологик жамғарма (GEF), Қурилиш вазирлиги Журналистларни қайта тайёрлаш маркази билан ҳамкорликда қўшма лойиҳа доирасида Бухоро вилоятида "Гендер ва биноларнинг энергия самарадорлиги - яшил иқтисодий ривожланишнинг гарови" мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди.  

Семинарнинг биринчи кунида одатий энергия ишлаб чиқаришга қўшимча равишда муқобил энергия турларидан фойдаланиш ва бунинг экологияга таъсири борасида журналист ва блогерларга тушунча берилди. GEF томонидан молиялаштириладиган лойиҳа Ўзбекистон қишлоқ аҳолисини атроф-муҳитга зарар етказмайдиган, яхшиланган ва арзон турмуш шароити билан таъминлашдан иборат.

Иккинчи кун Бухоро вилоятининг Бухоро тумани Работак маҳалласида қурилган намунавий уйлар ва кўп қаватли хонадонлар томида ўрнатилган муқобил энергия воситалари билан таништирилди. Ушбу маҳаллада қурилган уйларда базальт толали иссиқлик тежовчи материаллардан фойдаланилган. Кўп қаватли хонадонларнинг ҳар бирига қуёш панеллари ўрнатилган. Бу аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжларини қондириш ва турмуш шароитини яхшилашга қаратилган. Лекин семинар иштирокчилари ва ижтимоий тармоқларда бу каби ускуналар жуда қимматга тушиши, қуёш панелларидан олинган энергияни кечаси ҳам ишлатиш учун зарур бўладиган аккумуляторларни уч йилда янгилаш зарурияти ва уларни янгилаш жуда қиммат эканлиги тўғрисида фикрлар билдирилди.

- Янги уйларга ўрнатилаётган муқобил энергия ишлаб чиқариш ускуналарининг қанча муддат ишлаши, эҳтиёт қисмлари борасида бирмунча саволлар бўлди, - дейди БМТ Тараққиёт дастури ходими Бекзод Анорбеков. - Ушбу маҳалладаги уйларга ўрнатилган ускуналар "Офгрид" деб номланади. Чунки бу тизим қуёш панеллари ва керакли ускуналарни ўз ичига олган, яъни бу мустақил тизим. Аҳоли эҳтиёжи учун электр энегиясини қуёш нуридан олиб, уйни ёритиш ва маълум бир маиший техникаларни ишлатиш учун йўналтиради. Лекин саволлардан келиб чиқиб, бу ускуна батареяларининг ишлаш даври камлиги ҳисобига иккинчи ўриндош ечим сифатида батареяларсиз "Онгрид" тизимида туман электр тармоқларига уланади. Қуёш панеллари ёрдамида ишлаб чиқарилган электр энергиясининг ортиқча қисми туман электр тармоқлари корхонасига "сотилади". Қуёш бўлмаган ва ёмғирли кунларда эса бу энергия тармоқдан олинади. Бу билан аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш ва электр учун камроқ пул тўлаш назарда тутилган. Шу мақсадда Наманган, Тошкент, Қашқадарё, Бухоро вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасидаги 22 та кўп қаватли уйлардаги 528 та хонадонга 600 Ваттлик қуёш панеллари бепул ўрнатиб берилган. Ҳозирда бу ускуналарнинг самарадорлигини аниқлаш учун ўрганишлар олиб боряпмиз. Хулосаларимизни Қурилиш ва Энергетика вазирликларига тақдим этамиз. Улар кейинги босқичда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва тизимни такомиллаштириш бўйича ўз ечимларини ишлаб чиқишади.

Ҳақиқатан ҳам бу тизим жаҳон олимлари томонидан ҳам келажак энергияси сифатида қаралмоқда. Ҳаттоки, айрим Европа давлатларида муқобил энергия ёрдамида электр ишлаб чиқариш аҳоли истеъмолининг катта қисмини ташкил этаётган давлатлар ҳам бор. Аммо хонадонларни қуёш ёруғлиги асосида мустақил равишда тўлиқ энергия асосида таъминлайдиган ускуналар жуда қиммат ва ҳозирда четдан валюта ҳисобига келтирилмоқда. Агарда бундай ускуналар ўзимиздаги маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилса, нарх арзонлашади ва бу тизимга эҳтиёж янада ортади.

- Компаниямиз Ўзбекистон бозорида бир неча йилдан буён муқобил энергия тизимларини ўрнатиш борасида фаол иш олиб боряпти, - дейди "Солара" компанияси вакили Каримбек Нурмуродов. - Ўрнатаётган 450, 540 Ваттлик "монокристал" 25-30 йил кафолатли қуёш панелларимиз Арманистондан келтирилади. Ҳозирда муқобил энергия тизимларининг юртимизда энг оммабоп бўлган тури аккумуляторсиз тармоқ ҳисобланади. Бунда кундуз вақти қуёшли кунларда истеъмолчи ўз эҳтиёжидан ортган энергияни сотади, қуёшсиз пайтда электр тармоқларидан энергия олади. Асосий электр истеъмоли кундузги пайт бўлгани учун ишлаб чиқариш корхоналари, хизмат кўрсатиш мажмуалари, завод, фабрика, ташкилотлар ҳам энергиянинг айнан шу турини маъқул кўришмоқда. Қолаверса, бу тизим анча арзон. Бир киловатт энергия ишлаб чиқариш ускунасини ўрнатиш харажатлари билан биргаликда 10-11 миллион сўмга тушмоқда. Бу маблағ ҳисобидан ўрнатиш, қўшимча жиҳозлар, мижознинг хоҳишига кўра, қўл телефони ёки компьютерга илова ҳам улаб берилади. Илова ёрдамида ускунанинг қанча электр ишлагани, қанчаси истеъмол қилингани ва сотилганигача назорат қилинади.

Ҳозирда "Гелевий" ва "Ледион" станцияли аккумуляторлар ишлатилмоқда. "Гелевий" аккумуляторлар бир, икки, кўпи билан уч йил ишлайди, кейин алмаштириш талаб қилинади. "Ледион" аккумуляторлар кафолатли муддат билан 5,10,15 йилгача ишлайди. Шунинг ҳисобига бир киловаттлик "Ледион"ли станцияни ўрнатиб бериш, тўлиқ жиҳозлари билан бирга 25 миллион сўмгача тушади. 500 Ваттлик станциялар 7 миллион сўмгача ўрнатилади. Бу асосан ёритиш тизимлари учун қўлланилади. Хонадонда электр энергиясини кўп талаб қиладиган маиший техникаларни ишлатиш учун ўртача 5 киловатлик станция ўрнатиш лозим. Стандарт 2 квадратлик битта панел соатига 450 Ватт электр энергияси ишлаб чиқаради. Битта хонадонни тўлиқ муқобил энергияга ўтказиш учун ишлатиш қувватига қараб, ўртача 12 та қуёш панели ўрнатилади. Ҳозиргача республикамизнинг турли ҳудудларидаги қўмита, ҳокимликлар, хусусан, Самарқанд вилоятидаги кўплаб ҳокимлик, ташкилотларга ҳам аккумуляторсиз станциялар ўрнатилмоқда.

Ўктам Худойбердиев.

(Давоми бор)