Ҳокимлик ташкилотлари бинони бўшатди. Аммо...
Телеграм каналимизда ''Республика ишчи гуруҳи: Ёшлар маркази ҳокимлик ихтиёрида, етакчилар фаолиятида камчиликлар бор, иншоотлар таъмирталаб..." сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинган эди.
Тегишли ташкилотлар масъуллари ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Жумладан, Пайариқ тумани 1-болалар-ўсмирлар спорт мактаби директори Мансур Ўсаровнинг таъкидлашича, “Ёшлик” футбол ўйингоҳини таъмирлаш ва янги спорт зал қуриш ишлари республика бюджетидан қилиниши керак эди. Аммо лойиҳадаги ўзгаришлар сабаб объектларда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмаган. Ҳозирги кунда ўйингоҳда ёшларга футбол машғулотлари мунтазам ўтказилиб келинмоқда ва
ўйингоҳини реконструкция қилиш, спорт зали қуриш бўйича келгуси йилларда манзилли дастурга киритиш чоралари кўрилмоқда.
Шунингдек, мазкур тумандаги ёшлар маркази биносида ҳокимлик ташкилотлари фаолият юритаётганлиги буйича ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими бошлиғи Мурод Бегимқулов қуйидагиларни маълум қилди.
- Биз фаолият юритаётган бино собиқ ёшлар иттифоқи туман кенгаши балансида турибди, - дейди М. Бегимқулов. - Ёшлар маркази биносини ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими балансига ўтказиб бериш юзасидан 2022 йил 27 апрелда туман ҳокимлигига хат юборганмиз. Аммо туман ҳокимлиги бинони ўтказиш учун вилоят ҳокимининг қарори кераклигини ва кейин туман ҳокимининг қарори чиқарилишини маълум қилди. Шу кунгача бинода фаолият юритган туман коммунал бўлими ва туман инвестиция бўлими бинони тарк этди. Ҳозир марказда инглиз тили ва IТ йўналиши бўйича тўгараклар ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.
Ургут туманидаги 1-спорт мактаби залининг пол қисми яроқсиз ҳолга келиб қолгани, спорт турлари бўйича ўқув қўлланма ва шуғулланиш учун спорт жиҳозлари етишмашлиги бўйича туман масъулларининг маълум қилишича, залнинг пол қисми туманнинг спорт иншоотларини таъмирлаш манзилли дастурига киритилган. Шунингдек, спорт турларидан ўқув қўлланмалар билан таъминлаш бўйича Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигига таклифлар берилган бўлса, қўшимча спорт жиҳозлари олиш маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши режалаштирилган.
Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармасининг маълум қилишича, Тойлоқ тумандаги ёшлар етакчиларига “Беш ташаббус олимпиадаси”да иштирок этиш истагини билдирган ёшларни онлайн рўйхатдан ўтказиш, “Ёшлар баланси” электрон платформаси орқали таҳрирланмаган сўровномалар бўйича услубий кўмак берилиб, тушунтириш ишлари олиб борилган.