«Ҳудудгазтаъминот» АЖ Самарқанд вилояти филиали ташкил этилганига 60 йил тўлди

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирлар филиал қошида ташкил этилган замонавий кутубхонанинг очилиш маросими билан бошланди. 5 минг китоб жамғармаси ва 10-15 кишилик ўқув залига эга бўлган бу масканда ўзбек, рус, инглиз ва бошқа тилларда чоп этилган бадиий адабиётлардан ташқари, электроника, механика, газлаштириш саноати ва таъминоти каби соҳаларга оид илмий ва техник қўлланмалар ўрин олган.

Шаҳар ва туман газ таъминоти идоралари ходимлари, соҳа фахрийлари иштирок этган тадбирда «Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамияти раиси ўринбосари А.Саидвалиев, жамиятнинг “Самарқандгаз” филиали директори Х.Бобомуродов мамлакатимизда табиий газ қазиб олиш, уни қайта ишлаш суръати, газ тармоқлари ва ускуналаридан фойдаланиш, уларга техник хизмат кўрсатиш, истеъмолчиларни табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш даражаси сўз юритди.

- «Самарқандгаз» корхонасида 47 йил давомида турли вазифаларда меҳнат қилиб, обрў-эътибор қозондим, - дейди меҳнат фахрийси Актам Ваҳобов. – Бугун юздан зиёд шогирдларим етук мутахассисларга айланди. Кўпчилик оиламизни “газчилар сулоласи”, дейишади. Чунки тўрт фарзандим шу корхонада ишламоқда.

Тадбирда юқори натижаларга эришган бир гуруҳ ишчи-хизматчилар, соҳа фахрийларига фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Дилмурод ТЎХТАЕВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).