Ибн Сино меросини биласизми?

Самарқанд давлат тиббиёт университетида доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлашда илм-фан ва ишлаб чиқариш корхоналарининг кооперация алоқаларини кенгайтиришга бағишланган “Ибн Cино мероси” кўргазмаси ўтказилди.

Вилоят ҳокимлиги ва Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан учинчи бор ўтказилаётган тадбирда Самарқанддаги доривор ўсимликлар етиштириш ва уларни қайта ишлаш билан шуғулланувчи ўрмон ва фермер хўжаликлари, корхоналар ҳамда доривор ўсимликлар билан беморларни даволовчи хусусий тиббий марказлар вакиллари иштирок этди.

– Бугунги кунда вилоятимиздаги 6 та давлат ўрмон хўжалиги, 5 та фермер хўжалигида доривор ўсимликлар етиширилаётган бўлса, 8 та корхона қайта ишлаш билан шуғулланмоқда, – дейди вилоят ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси Нозир Ибрагимов. – Шунингдек, ушбу йўналишда бир нечта стартап лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда, доривор ўсимликлар билан даволовчи хусусий шифохона фаолият кўрсатмоқда. Лекин мавжуд имконият ва ресурсларни ҳисобга олганимизда бу жуда кам. Мутахассислар мамлакатимизда 577 турдаги доривор ўсимлик турини аниқлаган. Вилоятимиздаги ўрмон хўжаликларида эса 17 турдаги доривор ўсимликлар плантациялари мавжуд холос. Жанубий Кореяда дори воситаларининг 25 фоизи табиий доривор гиёҳлардан ишлаб чиқарилади. Бу табиий доривор гиёҳларга талаб юқорилигидан далолат беради. Биз ҳам фармацевтика саноатимизда доривор ўсимликлар етиштириш ва улардан дори воситалари тайёрлашга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Мазкур кўргазма ҳам шу мақсадга қаратилган бўлиб, вилоятимиздаги 30 дан ортиқ фармацевтика корхонаси ва доривор ўсимликлар етиштирувчи хўжаликлар билан кооперация алоқаларини йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Кўргазмада доривор ўсимликлар, уларни қайта ишлаш натижасида олинаётган маҳсулотлар намойиш этилди, тақдимотлар ўтказилди.

– Хўжалигимизда 135 гектар ерда коврак, 30 гектарда наъматак, 50 гектарда қизилва қора дўлана парваришланмоқда, – дейди Қўшработ туманидаги Фозилмон ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалиги бош ўрмончиси Сайфиддин Қўчқоров. – Бундан ташқари, аччиқ бодом, кийик ўти, дала чой, исириқ каби доривор ўсимликлар етиштирилади. Ҳозирда аччиқ бодомни қайта ишлаб ёғини оляпмиз ва фармацевтика корхоналарига етказиб берамиз. Келгусида бу борадаги фаолиятимизни кенгайтириш бўйича янги лойиҳалар устида ишлаяпмиз.

Кўргазмада Самарқанд давлат тиббиёт университети олимларининг доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш бўйича илмий ишланмалари ҳамда стартап лойиҳалари намойиш этилди.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (сурат).