Ибратли ҳикоя: Ола-була этли одам, кал ва кўр қиссаси
Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в Мадинага ҳижрат қилганларидан салкам икки йил ўтган пайтларда Абу Талханикига меҳмонга бордилар ва шу ерда аҳли мусулмонга бир ҳикоя айтиб бердилар.
“Бани Исроилда уч киши бор эди, — деб бошладилар суҳбатни у зот. — Бири ола-була этли, бири кал, учинчиси эса кўр... Аллоҳ таоло уларни бир имтиҳон қилишни хоҳлади ва бир фариштани жўнатди.
Фаришта ҳалиги ола-була этлининг ёнига келиб:
«Нимани энг кўп орзу этасан?» деди.
«Гўзал бир ранг ва чиройли бир танани. Инсонлар жирканадиган бу суратдан қутулсам... Ҳамиша шуни орзу этаман», деди.
Фаришта уни бир марта силаган эди, ўша ондаёқ истаганидек қиёфага кириб тусланди-қолди.
Фаришта сўради:
«Қайси молни энг кўп севасан?».
«Туяни», деди у.
Энди туғай деб турган урғочи туя берилди.
Фаришта:
«Аллоҳ сенинг учун бу туяни баракотли қилсин», деб дуо қилди ва қайтди.
Ҳалиги одам севинчдан боши осмонга етар ҳолатга тушди.
Фаришта калнинг олдига келди:
«Сен энг кўп орзу этган нарса нима?» деди.
«Чиройли сочим бўлса ва одамлар жирканадиган ҳолатдан қутулсам... мана шу энг кўп орзу этган нарсам», деди у.
Фаришта уни ҳам силаган эди, ўша заҳоти у одам тузалиб қолди. Чиройли бир соч берилди.
«Энди яхши кўрган молингни айт. Қай бирини яхши кўрасан?».
«Сигирни», деди.
Унга ҳам туғай деб турган сигир берилди.
«Аллоҳ сенинг учун бу сигирни баракотли қилсин», деб дуо қилди-да, фаришта у ердан ҳам қайтди.
Ниҳоят кўрнинг олдига келди:
«Энг кўп орзу этган нарсанг нима?» деди унга.
«Кўзларни, — деди кўр. — Қани энди Аллоҳ менга кўришни насиб этса».
Фаришта уни ҳам силаган эди, унинг ҳам кўзлари кўрадиган бўлди.
«Энг кўп севган молинг қайси?».
«Қўй», деди у.
Унга ҳам туғай деб турган бир қўй берилди.
Сўнг фаришта дуо қилиб қайтди.
Орадан йиллар ўтиб, берилган ҳайвонлар туғди, кўпайди. Қилинган дуонинг баракотидан водий тўла туяга, яна бири водий тўла сигирга, бошқаси водий тўла қўйларга эга бўлди. Ҳаммалари ҳаётларидан мамнун. Орзуларига эришган. Шунда бир куни фаришта баданига оқ тушган одамнинг олдига айнан унинг аввалги ҳолида — ола-була этли инсон қиёфасида келди.
«Жуда фақир одамман, мусофирман, чорасиз қолдим. Манзилга етиб олишим учун аввало Аллоҳдан, қолаверса, сендан умид қиламан. Сенга бундай гўзал кўркни, бундай қадди-қоматни берган, бу қадар мол эҳсон қилган Аллоҳ ҳақи, менга бир туянгни берсанг, токи манзилимга етиб олсам», деди.
Бирдан у одамнинг кайфияти бузилиб, хумрайиб қаради: «Менинг зарур ишларим шунчалик кўпки, қайсинисига улгуришимни билмайман. Сенга ҳозир ёрдам беролмайман», деди бош чайқаб.
Шу сўзлардан кейин фаришта атай:
«Мен сени танигандек бўляпман, — деди. — Сен бир замонлар одамлар жирканадиган ола-була танли бир киши эмасмидинг? Устига-устак, фақир ҳам эдинг, шекилли. Аллоҳ сенга бу неъматларни бахш этмаса, қаердан олардинг?».
«Янглишяпсан, — деди бояги одам, — мени бошқа бировга ўхшатяпсан, шекилли. Бу мол менга ота-бобомдан мерос қолган».
«Ёлғонни ямламай ютдинг-ку. Омин, Аллоҳ сени эски ҳолингга қайтарсин», деб фаришта дуо қилди, ҳалиги одам шу заҳоти эски ҳолига қайтди. Молу мулк бир хаёлдек бўлиб қолди.
Фаришта у ердан чиқиб, кал одамнинг олдига ўша калнинг эски қиёфасида келди. Унга ҳам дардини «тўкди». Биринчи одамга айтганларини унга ҳам айтди. Ундан ҳам аввалгининг жавобларига ўхшаш жавоб олди.
Унга ҳам: «Агар ёлғон айтаётган бўлсанг, Аллоҳ сени асл ҳолингга қайтарсин», деб дуо қилди. Унинг ҳам қўлидан неъмат кетди. Худди аввалгидек бир фақир одамга айланди. Молу мулкидан асар ҳам қолмади.
Фаришта шундай қилиб, кўрнинг олдига равона бўлди. Унинг олдига худди аввалги қиёфасида, кўр инсон шаклида келди.
«Мен фақир бир одамман, мусофирман, чорасиз қолдим. Манзилимга етиб олишим учун ёрдамингга муҳтожман. Кўзларингнинг нурини қайтариб берган Аллоҳ ҳақи, менга бир қўй ҳадя қил», деди ўтиниб.
Бу одам унга ачиниб, кўмак беришга ошиқди. «Рост сўзлайсан, чиндан ҳам мен илгари кўр эдим. Аллоҳ менга кўзларимни қайта эҳсон этди. Аллоҳ ризоси учун бир қўй ҳадя этганим бўлсин. Шу билан мушкулинг осон бўлса, мен розиман», деди.
Шунда фаришта унинг елкасига қоқди ва:
«Молинг ўзингга буюрсин. Бу сен ва биродарларингга Аллоҳ таоло тарафидан бир имтиҳон эди. Сен улуғ Мавлонинг ризосига ноил бўлдинг. Биродарларинг эса ғазабга дучор бўлдилар», деди.
Манба: Аҳмад Лутфий Қозончининг “Саодат асри қиссалари” китоби.