“Ичкиликбозликка қарши курашиш ойлиги” давомида 1393 нафар шахс жаримага тортилди

Самарқанд вилоятида жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида маст ҳолдаги шахслар томонидан 65 та жиноят содир этилгани аниқланди. Афсуски, мазкур кўрсаткич ўтган йилга нисбатан ошган.

Бу иллатга қарши курашиш, ичкилик таъсирида содир этиладиган жиноятларнинг олдини олиш ҳамда аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини кенг йўлга қўйиш мақсадида жорий йилнинг 20 июнидан 20 июлига қадар вилоятда “Ичкиликбозликка қарши курашиш ойлиги” ўтказилди.

Ойлик доирасида вилоят ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси ходимлари ҳудудий давлат солиқ инспекциялари ходимлари билан ҳамкорликда алкоголь маҳсулотларининг ноқонуний савдосини аниқлаш ва бу иш билан шуғулланувчи “тадбиркор”ларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйиш мақсадида махсус рейд тадбирлари ўтказишди.

Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизмати хабарига кўра, тадбир давомида 59 та алкоголь маҳсулотларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланиш ҳолатлари аниқланиб, 767,9 литр спиртли ичимликлар мусодара қилинди ва ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилди.

Бундан ташқари, этил спирти, алкоголли маҳсулотларни қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш бўйича 7 та ҳолат аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 186-1-моддаси бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Шунингдек, жамоат жойларида спиртли ичимликлар истеъмол қилган 1393 нафар шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 187-моддаси 1-қисмига кўра 155 319 500 (бир юз эллик беш миллион уч юз ўн тўққиз минг беш юз) сўм миқдорида жарималар қўлланилди.

Ойлик давомида соғлиқни сақлаш муассасалари ҳисобида турувчи 440 нафар спиртли ичимликка ружу қўйган шахслар, 25 нафар гиёҳвандликка чалинганлар ҳамда 86 нафар ижтимоий хавфли ташхиси қўйилган фуқаролар руҳий касаллар диспансерларига мажбурий даволаниш учун ётқизилди.