Ичкиликбозлик ортидан қайнота куёвини пичоқлаб қўйди
Когон шаҳрида яшовчи Ўлмасбек (исмлар ўзгартирилган) отасиникига аразлаб кетган хотинини олиб келиш учун йўлга чиқди. Йўл-йўлакай “тетикроқ” бўлиш учун икки юз грамм “отиб олди”.
Эшонжон ака куёвини хуш-хандон кутиб олди. Дастурхон тузалди. Иккаласи анчагача отамлашиб ўтирди.
Буёғига қайнота ва куёв аввал оғзаки айтишиб, “чигалёзди” қилишди. Сўнг кутилмаган воқеа юз берди. Эшонжон ака жаҳлга эрк берди. Дастурхонда турган пичоқни олиб, Ўлмасбекнинг чап кўкрагига санчди. Иккинчи маротаба урмоқчи бўлганида эса... додлаб юборди.
Қўшни хонада қайнота-куёвга халақит бермаслик учун она ва қиз дарду ҳол қилиб ўтиришганди. Эшонжоннинг ўкириги уларни безовталантирди. Чиқиб қарашса...
Шифокорларнинг саъй-ҳаракати билан Ўлмасбекнинг ҳаёти сақлаб қолинди.
Ўлмасбек суриштирув пайтида жароҳатни ўзи йиқилиб орттирганини маълум қилди. Бироқ гувоҳларнинг кўрсатмалари ва экспертларнинг хулосасига кўра, ушбу жароҳат ўткир тиғли жисм орқали етказилганлиги аниқланди.
"Postda.uz" нашрининг ёзишича, мазкур ҳолат юзасидан айни пайтда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Халқимиз учун синовли кунлар давом этаётган ҳозирги кунда бир-биримизни қўллаб, меҳрли бўлиш ўрнига, ичкиликбозлик ортидан жанжаллашиш, жиноятга қўл уришни ҳеч бир сабаб билан оқлаб бўлмайди. Қонун эса барчага баробар.