Ифтихори, ғурури йўқ юлғичларга нисбатан янада кескинроқ курашмоқ лозим

Инсонни ҳайвондан фарқ қилувчи, тилдан кейинги яна бир асосий жиҳат - ифтихор, фахрланиш туйғусидир. Яъниким, аввало, инсон, олийжаноб фазилатлар соҳиби эканлиги билан буюк ва адолатли ишларни амалга оширувчи, айни пайтда, жаҳолат ва разолатга қарши курашувчи ягона куч эканидан ифтихор қиладиган, ғурурланадаган мавжудотдир. Башарти, бундай фазилатлар бўлмаса, унинг ҳам ҳайвондан фарқи қолмас эди. Алишер Навоийнинг:

Одам борки, одамларнинг нақшидир,

Одам борки ҳайвон ундан яхшидир

фардининг умрбоқийлиги ҳам мазкур ҳақиқатнинг бадиий ифодаси эканлигидадир.

Гап шундаки, ўз ҳақ-ҳуқуқини билмайдиган, англаб етганида ҳам уни ҳимоя қилмайдиган, ўз мамлакати ва миллатининг келажак тақдири ҳақида ўйламайдиган одамлар, Фитрат таъбири билан айтганда, «жамият танасидаги микроблардир». Бактериялар бутун танага тарқалиб кетмасдан, олдини олиш лозимлиги аён иш. Аммо назаримда микроблар аллақачон тарқалиб бўлган... Акс ҳолда, асрлар мобайнида топталиб келган миллий қадриятларимиз, хусусан, она тилимизнинг ҳимояси учун уюшган ҳолда, оммавий тарзда бирор марта норозилик чиқиши бўлганми?! (Алоҳида олинган машҳур фидойи зотлардан ташқари). Билъакс, маҳаллий эл ўз бепарволиги ва лоқайдлиги билан босқинчиларга қулай имкониятлар яратиб берган, келгинди-зўравонларга ҳамқанот бўлганлар. Оқибатда, ифтихордан, номус, ордан мосуво бўлган маҳаллий корчалонлар кирдикорлари туфайли, бобомерос қадриятларимиз оёқ ости бўлган.

Надоматлар бўлсинким, бу иллат мустақиллик даврида ҳам йўқ бўлиб кетмади. Ҳатто давлат сиёсати даражасида ташвиқот қилинаётганлигига қарамасдан, ўнлаб, юзлаб хусусий корхоналарнинг номланиши, реклама ва паннолардаги ёзувларда бефарқлик намоён бўлмоқда. Бу фикр айтила-айтила сийқаси чиқиб кетди, лекин фойдаси бўлмади. Иккинчидан, бу ҳолат оммавий ахборот воситалари – радио ва телевидение орқали эшиттирув ва кўрсатувларда Тошкент шевасида сўзлашнинг «барқарорлигида» кўзга ташланади. Бундай ҳол кўпинча зиёли ўқитувчилар, илмий даража ва унвон эгалари бўлган олий мактаб ўқитувчилари - олимлар томонидан содир бўлмоқда. Нега шундай?! Бу миллий адабий тилимизга беписандликми, эътиборсизликми ё манманликми?

Назаримда, ҳар қайси радио ва телеканал режиссёрларининг биринчи галдаги вазифаси ана шундай ҳолатларга йўл қўйдирмаслик эмасми? Телеканалда кейинги пайтларда эълон қилинаётган бир ёзма даъватга эътибор қаратайлик:

“Зўравонлик қурбонига айланган аёллар ва қизлар..... телефон рақамига қўнғироқ қилиб ёрдам сўрашлари мумкин”, дейилади. 30 миллиондан кўпроқ аҳолиси бўлган Ўзбекистондай давлатнинг марказий телевидениесида бундай мантиқсиз рекламани қайта-қайта эълон қилиш кулгилими ё фожиами? Ахир, қурбон бўлмоқ – ҳалок бўлмоқ эканлигини билмаган журналист ёки матбуот ходими бўлиши мумкин экан-да. Ўз турмуш тарзига, давлат сиёсатига бефарқ бўлган, уни номигагина адо этаётган лоқайд элда, барча соҳаларда хато ва нуқсонлар бўлаверади. Айниқса, бундай хато ва камчиликларга зиёли ва мутахассислар томонидан йўл қўйилиши ачинарли. Масалан: Агар “Ҳадиси шариф” бирикмасини “Ҳадису шариф” десак, “Бухорои шариф”ни “Бухорою шариф” дейишимиз керакми? Шунингдек, олий ўқув юртини олийгоҳ деймиз, шундай экан нега мактабни бошланғичгоҳ, ўрта махсус таълимни ўртагоҳ демаймиз ва ҳоказо.

"Даракчи" газетасининг 2020 йил 41-сонида Республика бош прокурори берган маълумотга кўра, ўтган қисқа давр мобайнида (асосан, коронавирус пандемияси даврида) давлат пулини ўмарганлар сифатида 1986 нафар мансабдор жавобгарликка тортилгани баён этилади. Ахир давлат амалдори бўлгач, бизнинг назаримизда у давлат сиёсатини амалга оширувчи, яъни, коррупцияга ҳам қарши курашувчилар бўлиши керак эди-ку. Нима қилмоқ керак?! Афтидан, жиноят қилувчилар мутлақо қўрқмай қўйишган, беобрў-шарманда бўлиш ҳислари-ку вужудида сўниб бўлган. Қолаверса, ўмарган маблағу бойликлари фош этилиб, жиноий иш қўзғалса, жойини қоплаш учун етарли даражадан кўпроқ маблағлари ҳам йўқ эмасда уларнинг. Илло, етказилган зарарлар ўрни қопланса, суд қилиб ўтириш шарт эмас деган қарашимиз ҳам бор, шекилли. Нима қилмоқ керак?! Бу соҳада

қонунбузарларга кўриладиган чоралар хусусида Японияда қўлланадиган усул анча самарали, фикримизча. У ерда яроқсиз маҳсулот ишлаб чиқарган ишчи (ўғирлик қилган эмас) ёки ишга кечикиб келган ходимни ишдан бўшатиб, йўл қўйган камчиликларини унинг меҳнат дафтарчасига ёки у ҳақдаги тавсифномага ёзиб қўяр эканлар. Энди, бундай ходимни бошқа корхона ва ташкилотларнинг ишга олиши амримаҳол эканлигини тасаввур қилиш қийин эмас.

Демоқчиманки, инсоний фазилатларини йўқотган, ифтихори, ғурури йўқ юлғичларга нисбатан янада кескинроқ, шиддатлироқ курашмоқ лозимдир.

Нуриддин Бобоқандов.