ИИб фахрийси: Боланинг уйдан безишига сабаб...
Сиздан икки оғиз илиқ гап эшитишга илҳақ фарзандингизга баъзида эътибор берасиз, баъзида эса йўқ. Табиийки, бундай шароитда тарбияланаётган бола кўчага интилади. Нега?
Чунки у биринчидан, ота-онасининг ўзига бефарқ муносабатда эканидан безиб қолган ва ўзини керак эмасдек ҳис қила бошлайди. Бола балоғат ёшига етганда ҳам шу ҳол давом этаверса, у ҳаловат истаб, кўчага интилади. Чунки фарзанд биладики, уйда ота-онаси билан истаган ёки ўзини ўйлантираётган мавзуда юрак ютиб сухбатлашолмайди. Иш билан банд ота-она фарзандининг дафъатан ўзгариб қолгани сабабини билишга ҳатто эҳтиёж ҳам сезмайди.
Катталар назоратидан четдаги бола бошқалар гапи билан иш қиладиган, энг ёмон томони, ҳаётга совуққон муносабат билан тарбия топади ва у фақат қоралашни ўрганади.
Кўча боласи уйдан совигач, ўзига ўхшаш кўча болалари сафига қўшилиши турган гап. Бу эса, охир-оқибат яхшиликка олиб келмайди. Хусусан, айни кунларда, яъни болалар, ўқувчиларнинг ёзги таътил ойларида фарзандларимизга янада эътиборли бўлишимиз, ёзни эсда қоларли ўтказиш учун яхши шароитлар яратишимиз лозим-ку, ахир!
- Боланинг кўчага интилиши сабабларидан яна бири оиладаги кундалик ёки кунора бўлиб турадиган жанжаллардир, - дейди Каттақўрғон шаҳри ИИБ фахрийси Ҳ.Қодиров. - Отанинг онага қўл кўтариши, онанинг йиғлаб, фарёд чекиши ва бундай ҳолатни кўриб турган фарзанднинг онасига ёрдам беролмасдан қийналиши уни маълум маънода "тарбиялаб" қўяди. Бу тарбия унинг ҳаётга нисбатан муҳаббат эмас, аксинча, совуққонлик билан муносабатида шаклланади ва бунинг оқибати ҳар хил кўнгилсизликлар, жанжалларни келтириб чиқаради.
Хуллас, ўртада фарзанд сарсон, у боши берк кўчада. Демак, кўча болаларининг уйга қайтишлари учун сергаклик, эътиборни кучайтириш шарт.
Ҳаёт-мамот масаласи даражасида эътироф этиладиган тарбия мавзуси ҳамма вақт жуда катта доира, хусусан, таълим муассасалари, оилалар, маҳалла учун ғоят долзарбдир. Ҳамжиҳатлик эса, фарзандларимизга бўлган эътиборни янада оширади.
Абдуазиз ҲОШИМОВ.