ИИБ ходимига жиноятни расмийлаштирмаслик учун 2 000 доллар таклиф қилган фуқаро қўлга олинди

ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси Самарқанд вилояти бўйича бўлимига Самарқанд шаҳри бўйича ИИОФМБ 5-сонли ИИБ ходимларига фуқаро томонидан пора таклиф қилинаётгани ҳолати юзасидан тезкор маълумот келиб тушган, деб хабар берди ИИВ ахборот хизмати.

Аниқланишича, 28 ноябрь куни Самарқанд шаҳри бўйича ИИОФМБ 5-сонли ИИБ жиноят-қидирув бўлими ходимлари томонидан ўтказилган назорат тартибида гиёҳвандлик воситасини сотиб олиш тадбири давомида харидор сифатида жалб қилинган «Р»га Самарқанд шаҳар Сўлим қўрғонида Ургут тумани Қайроқли маҳалласида яшовчи, 1967 йили туғилган фуқаро О.Э. оғирлиги 188,54 граммга тенг бўлган кўп миқдордаги марихуана гиёҳвандлик воситасини 1500000 сўмга сотган вақтида ушланиб, ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИОФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 29 ноябрь куни О.Э.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси (гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб, қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб боришга киришилган.

Шу куни соат 13:00 ларда Самарқанд шаҳар Беруний кўчаси 82-уйда жойлашган Самарқанд шаҳри бўйича ИИОФМБ 5-сонли ИИБнинг маъмурий биносига, бўлим бошлиғи, подполковник Санъат Нуриллаевнинг олдига О.Э.нинг укаси, 1969 йил Ургут туманида туғилган фуқаро Б.Э. келиб, ишни пул эвазига терговга ўтказмасдан, жиноят тариқасида расмийлаштирмасликни сўрайди.

Подполковник С.Нуриллаев унга акаси О.Э. гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда сотиш жиноятини содир этганлигини, бу ҳолат юзасидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилганлигини айтишига қарамасдан, Б.Э. акасини ишини ҳал қилиб беришини, бунинг эвазига 2000 АҚШ доллари миқдорида пулни беришини таклиф қилади. Подполковник С.Нуриллаев фуқаро Б.Э.га қилаётган ҳаракати ноқонунийлигини, пора бериш-олиш жиноят эканлигини тушунтиради. Бироқ фуқаро 2000 АҚШ доллари миқдоридаги пулни шу куни соат 18:00 да олиб келишини айтиб чиқиб кетади.

Подполковник С.Нуриллаев фуқаро Б.Э. билан бўлиб ўтган суҳбат жараёнини “Samsung” русумли уяли телефон аппаратига ёзиб олиб, суҳбатни CD дискка кўчириб, вилоят ИИБ бошлиғининг номига тезкор тадбир ўтказишни сўраб билдирги билан мурожаат қилади.

Ушбу билдирги асосида 29 ноябрь куни соат 19:30 ларда ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Б.Э. акаси О.Э. томонидан содир этилган жиноятни расмийлаштирмаслик эвазига подполковник С.Нуриллаевга унинг хизмат хонасида 2000 АҚШ долларини пора тариқасида берган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан Б.Э.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Айни пайтда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.