Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Турдимов: «Маҳаллада маҳалла раисининг мавқеи бўлиши керак»

Вилоят ҳокимлигида маҳаллалар ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш бўйича қилинган ишлар таҳлил қилинди.

Эркинжон Турдимов раҳбарлигида видеоселектор шаклида ўтказилган муҳокамада Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Олимжон Солиев, Президент Администрацияси масъул ходимлари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги масъуллари ҳамда соҳага алоқадор ташкилот раҳбарлари иштирок этди.

Муҳокамада вилоят ҳокими соҳада олиб борилаётган ишлар ва салбий ҳолатларга тўхталиб, маҳаллаларда соғлом муҳитни яратиш, мавжуд муаммоларнинг ечимини топиш, бу борада сектор раҳбарлари ва мутасадди ташкилотларнинг фаолияти қониқарсиз эканини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ишчи гуруҳи томонидан амалга оширилган ўрганиш натижалари муҳокама қилинди. Оилавий ажралишлар, ишсизлик, нотинч оилалар билан ишлаш, оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қизлар ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, уюшмаган ёшлар ва тарбияси оғир ўсмирлар билан ишлаш, маҳаллаларда содир этилган ва олди олиниши мумкин бўлган жиноятларнинг сабаблари каби масалалар аниқ мисоллар билан кўриб чиқилди.

Йиғилишда вилоятда 25 144 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қиз рўйхатга олинганлиги, уларнинг муаммоларини ҳал этиш, қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларига алоҳида эътибор берилди.

Муҳокамада О.Солиев соҳа олдида турган вазифалар ҳамда бу борада вилоятда амалга оширилган ишларни таҳлил қилди. Таъкидлашича, 20 мингга яқин хотин-қиз бандлиги таъминланган, улардан 4 минг нафари тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва ривожлантириш бўйича ўқитилган, қарийб 8 мингга яқинига 154,8 миллиард сўмдан ортиқ миқдорда имтиёзли кредитлар ажратилган.

Ҳоким бу борадаги ишларни давом эттириш зарурлигини таъкидлади. Масъулларга вазифалар белгилаб берди. Хусусан, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш чораларини кўриш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, такрорий экин учун ер ажратиш, тиббий ёрдамлар ва ҳуқуқий, психологик кўмакларни кўрсатиш, уй-жойини таъмирлашга, фарзандларининг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларнинг мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларида таълим-тарбия олишларини таъминлаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида сектор раҳбарлари ва соҳа мутасаддиларига 2526 нафар аёлни ишга жойлаштириш ва 926 нафарини касб-ҳунарга ўқитиш зарурлигини айтди.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Самарқанд тажрибаси” яратиш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқиш ва ижрога қаратиш белгиланди.

Шунингдек, йиғилишда маҳалла раислари томонидан йўлланган мурожаатлар ижроси масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Маълум қилинишича, вилоят ҳокимлиги томонидан ташкил этилган ахборот алмашинуви тизими орқали жорий йилда маҳалла раислари томонидан 21 мингта мурожаат ижрога қаратилган. Шундан 2,4 фоизига, яъни 511 тасига масъул ижрочилар томонидан жавоб хатлари юборилмаган. Электр тармоқлари корхоналари, газ ва ободонлаштириш идоралари бу каби қўпол хатоликка йўл қўйган.

Йиғилишда муҳокама қилинган барча масалалар бўйича аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, зарурий кўрсатмалар берилди. Қўйилган вазифалар ижроси вилоят ҳокимлиги томонидан назоратга олиниб, мунтазам муҳокама этиб борилиши билдирилди.