Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси 98 ёшида туғилганлик гувоҳномасини олди
9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси бошчилигида Ургут туман давлат хизматлари маркази ҳамда 1-сон ФҲДЁ бўлими ходимлари Испанза қишлоғида яшовчи, 98 ёшли Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Бўрон бобо Гадоевнинг хонадонида бўлишди. Фахрий отахон ва оила аъзоларига сайёр давлат хизматлари кўрсатишди.
Жумладан, қарийб юз ёшни қоралаётган отахонни шу пайтга қадар туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси йўқлиги аниқланиб, ташриф чоғида ушбу ҳужжат Ургут туман 1-сон ФҲДЁ мудираси Хуршида Дониёрова бошчилигида шу ернинг ўзида расмийлаштирилиб берилди.
Шунингдек, кўпни кўрган отахон суҳбат чоғида пенсия миқдори тўғрисида маълумотнома кераклигини билдирди. Марказ ходимлари қисқа фурсатда ушбу мурожаатни рўйхатга олиб, бир неча сонияларда маълумотномани тақдим этишди. Уруш даҳшатларини кўрган отахоннинг оила аъзолари хонадон кадастр ҳужжатларида муаммолар борлигини айтишиб, мазкур масалада ёрдам сўради. Шу куни ушбу масалага ижобий ечим топиш мақсадида туман ҳокимлигига хат чиқарилди.
Беш фарзандни уйли-жойли қилган отахон 24 набира, 80 эвара, 10 дан ортиқ чеваралар ардоғида бугунги кунларга шукроналар айтиб, биз билан ёнма-ён умргузаронлик қилмоқда.
Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси
ахборот хизмати.