Илон Маскка мактуб ёзган оқдарёлик тадбиркор оила туман «Аёллар дафтари»га таъсир ўтказгани ростми?

Аслида Оқдарёга «Аёллар дафтари» бўйича амалга оширилган ишларни ёритиш мақсадида боргандим. Аммо кўрганларим фақатгина қийналган аёлларга кўрсатилаётган ёрдам нечоғлик экани билан чекланмади. Қарийб тўкилиб кетаман, деган уйларда яшаётган, ногиронликка чиқарилишига «имкон берилган» хотин-қизлар, Россияда ишлаб келган бор пулини тадбиркорликка тиккан, Илон Маскка мактуб ёзган, 82 ёшида қўшиқ айтиб, ҳаётидан завқланиб яшаётган онахон ва бошқалар билан учрашдим, суҳбатлашдим, фикрлари, хулосаларини эшитдим… «Аёллар дафтари»га киришга ошиқаётганлару, ушбу рўйхатга қўшилиб қолганидан уялган аёлларни кўрдим.

Ушбу «саргузашт»ларни сўзлаб беришдан олдин тумандаги «Аёллар дафтари» билан боғлиқ баъзи рақамларни келтириб ўтсак.

- 35 та маҳаллани ўз ичига олган туманимизда йил бошидан бошлаб 1321 нафар хотин-қиз «Аёллар дафтари»га киритилганди, - дейди Оқдарё туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими раҳбари Юлдуз Ўроқова. - Айни кунга қадар жами 900 нафарга яқин аёллар ушбу дафтардан чиқарилди. Алоҳида таъкилаш керакки, туман кенгаши сессияларида депутатлар томонидан маъқуллангачгина ушбу рўйхатдан аёлларни чиқариш мумкин. Айтмоқчиманки, рўйхатдан ўз хоҳишимизга кўра аҳолини чиқара олмаймиз.

Хўш, мазкур дафтардан аёллар қандай чиқди? Улар орасида боқувчисини йўқотган, имконияти чекланган аёллар мавжуд бўлиб, аҳволи, яшаш шароити унчалик оғир бўлмаганларига бир марталик моддий ёрдам ажратилди. Ушбу аёлларнинг барчаси тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилиб, 144 нафарига тиббий йўналишда мақсадли ёрдам кўрсатилди. Яъни дори-дармон олиб берилиб, вилоят, республика шифохоналарида даволаниши учун ордерлар тадқим этилди. Аҳволи оғир, тиббий ёрдам кўрсатиш имкони бўлмаганларининг ҳолидан хабар олинди, моддий ёрдам кўрсатилди. Уй-жойга муҳтож хотин-қизларнинг 24 нафари рўйхатга олинди, уларнинг 3 нафари ижтимоий уйга жойлаштирилди. Икки нафар оғир аҳволдаги аёлларга туман ҳокими ташаббуси билан, ҳомийлик асосида уй қуриб берилмоқда.

Шунингдек, 301 нафар аёлнинг бандлиги таъминланди, 272 нафарига кредит ажратилди, 42 нафарига томорқасида ишлаши учун кўмак кўрсатилди. 4 маҳаллада мини цех ташкил этилиб, унда 20 нафар хотин-қизлар иш билан таъминланди. 184 нафар хотин-қизга тикув машинкалари берилди.

Йил давомида «ногиронлик»ка чиқолмаган аёл

Шаҳлонинг турмуши унча ўхшамади, икки нафар қизи билан ота-онасининг уйига қайтиб келди. Бирининг имконияти чекланган. Афсуски, ота-онасининг ҳам аҳволи ҳаминқадар, қизи билан икки неварасининг тузукроқ яшаши учун ҳатто шароит йўқ. Ушбуларни инобатга олган ҳолда туман ҳокимлиги ҳомийларни жалб қилиб, аёлга тўрт хонали уй қуриб бермоқда. Эҳтимол, кўпчилик яшаб турган уйи бўлатуриб, нега бу аёлга уй қуриб берилаётганига ҳайрон қолиши мумкин. Аммо ишонаверинг, Шаҳло ота-онаси билан яшаётган уйни уй ҳисобига қўшиш жуда мушкул, ана – мана йиқиламан, деган уй бошпанадан кўра бирор кун бирор кишига шикаст етказиши эҳтимоли катта бўлган қурилма, дейиш мумкин. Қолаверса....

-  Бу аёлни ишга жойлаштириш иложсиз, сабаби, ногирон фарзандига ўзи қараши керак, - дейди «Янгиравот – 2» маҳалласи раиси Мавжуда Жўрабоева. – 4546 нафар аҳолининг 2217 нафари хотин-қизлардир. Уларнинг 59 нафари «Аёллар дафтари»га киритилган. Ҳозирги кунда жуда қийин аҳволда бўлган 5 нафаригина рўйхатда қолди.

Шунингдек, маҳалламизда истиқомат қилувчи яна бир аёлни узоқ йиллардан бери ногиронлик нафақасига чиқаришга ўзим ҳам бир неча марта ҳаракат қилгандим. Руҳий хасталиги, оила қурмаганлиги учун қаровчиси ҳам йўқ. Акалари билан бир уйда истиқомат қилса-да, қатор муаммолари бор хонадонда яшашини инобатга олиб, бу аёлга ҳам уй қуриб берилмоқда. Бундан аввал ҳам бу аёлни ногиронликка чиқариш учун бир неча бор ҳаракат қилганман. Афсуски, у ташкилотдан бу ташкилотга бор, қабилидаги гаплардан кейин иложи бўлмаганди. «Аёллар дафтари»нинг яхши томони шунда бўлдики, бу масала билан фақатгина маҳалла шуғулланмаяпти. Аксинча, барча ташкилотлар ушбу дафтардаги аёлларни рўйхатдан чиқариш бўйича бир бўлиб ҳаракат қилаётгани аҳолининг муаммоларини ўз вақтида ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга.

 Чекка қишлоқдан республикага тарқалаётган маҳсулот

Тумандаги Бобур маҳалласида 40 нафар аёл дафтарда рўйхатга олинган.  Ушбу маҳалладаги хотин-қизларнинг сони ҳам икки мингдан зиёд. Маҳалла аҳолиси чорва, деҳқончилик билан шуғулланиши баробарида улар орасида иссиқхона ташкил қилганлар ҳам кўп. Маҳаллада фаолияти кенгайтирилган тикув цехи туфайли шу йил бир нечта хотин-қиз аниқ иш жойига эга бўлишди.

«Бунёджон-Комронжон» тикув цехидаги тайёр маҳсулотларни кўрарканмиз, ҳайратимизни яширолмадик. Сабаби, бозор расталарида, дўконларда биз чет элдан келтирилади, деган тахмин билан харид қилинаётган кўрпа, ёстиқлар чекка бир қишлоқда тикиб сотилаётганига ишонгинг келмайди. Цех мутасаддиларининг айтишича, 350 хилда, бир кунда юзлаб кўрпани қавиш имконияти мавжуд ускуна келтирилгач, улар чиқараётган маҳсулотлар сони ҳам бир неча бараварга ортибди. Хилма-хил мато ва қалинликдаги, турли кўринишдаги қишки, баҳорги кўрпалар, юмшоқ ёпинчиқлар, турли кўринишдаги ёстиқлару, кўрпажилдлар нозик дидли харидорнинг ҳам эътиборидан четда қолмайди.

- Шу йил бахмал кўрпаларни ҳам янгича дизайнда қавиб, харидорларга етказишга ҳаракат қилдик, - дейди турмуш ўртоғидан эрта айрилиб, тўрт фарзандини ёлғиз ўзи тарбиялаётгани учун «Аёллар дафтари»га тушган Умида Азаматова. – Харидорларга маъқул тушишига қараб, уларнинг сонини оширамиз. Шу цехдаги фаолиятим туфайли фарзандларимни боқяпман, турмушимни юритяпман. Шунинг учун кўпроқ изланишга, яхшироқ ишлашга, харидорларга маъқул келадиган маҳсулотлар тикишга ҳаракат қиламиз.

Илон Маскка мактуб ёзган, Tesla билан ҳамкорлик шартномаси имзолаган тадбиркор

Юқорида чекка қишлоқдан республикага тарқалаётган маҳсулот ҳақида айтгандим. Оқдарё тумани бўйлаб сафарни давом эттирарканмиз, нафақат республика, балки бутун дунёга экспорт қиладиган корхоналар фаолиятига дуч келдик. Мавзу тумандаги ишлаб чиқариш корхоналари эмас, аммо айнан шу корхоналарда хотин-қизларнинг бандлиги таъминланаётгани, кўпроқ ходимлари аёл киши эканлигини инобатга олиб, улар ҳақида тўхталиб ўтдик. Гап тумандаги Пичоқчи маҳалласи ҳақида кетмоқда.

- Маҳалламизда ишлаб чиқариш корхоналари кўп ва уларнинг аксариятида маҳалланинг хотин-қизлари банд, - дейди Пичоқчи маҳалла фуқаролар йиғини раиси ўринбосари Зарифа Турсунмуродова. – Мағиз экспорти билан шуғулланувчи ўнлаб корхоналар бор, шунингдек, бошқа ишлаб чиқариш корхоналари, ўқув марказлари, тикувчилик цехлари фаолият кўрсатади. Ёнғоқни чақиб, мағзини ажратиш, саралаш, қадоқлаш каби ишларни цехларда хотин-қизлар бажаради, баъзи хонадонларда оила аъзоларининг барчаси шу иш билан машғул бўлади.

Минг марта эшитгандан кўра, бир марта кўрган афзал, албатта. “Pichokchi dry fruits” LTD корхонасига борганимизда, бу ерда улкан қурилиш ишлари кетаётганига гувоҳ бўлдик.

- Айни кунда қуруқ мева маҳсулотларини қайта ишлаш учун йирик мажмуа қурилиши амалга ошириляпти, - дейди “Pichokchi dry fruits” LTD корхонаси директори ёрдамчиси Шодиёрхон Абдувойитов. – 2 гектар ерда қурилаётган ушбу мажмуада меваларни қайта ишлаш, қуритиш, мева ва сабзавотларни крем ҳолига келтириш, қадоқлаш каби ишлар амалга оширилади. Жами 4 миллион АҚШ доллари қийматидаги, икки миллион доллари турк инвесторлари томонидан ажратилаётган лойиҳа шу йил охирига қадар ишга тушиши режалаштирилган. У ишга тушса шу атрофдаги 200 нафар аҳоли доимий иш билан таъминланади. Мажмуа фақатгина меваларни қайта ишловчи цехлардангина иборат эмас, бу ерда ўзига хос тарзда логистика маркази ҳам барпо этилади.

Лойиҳа доирасида нафақат меваларни қайта ишлаш цехлари, балки бошқа янгиликларни ҳам амалга ошириш ниятидамиз. Яқинда Tesla компанияси раҳбари Илон Маскка интернет орқали мактуб ёздим. Тадбиркорлигимиз, режаларим ҳақида фикр билдиргач, у билан ҳамкорлик қилиш ҳақидаги аниқ таклифларимни билдирдим. Буни қарангки, орадан кўп ўтмай, ундан жавоб хати келди. Мажмуа ёнида электр манбаи билан ҳаракатланадиган автомобилларни қувватлантиришга мўлжалланган шохобча қуришни ҳам режалаштирганмиз. Бизда электрда юрадиган автомобиллар саноқлику, бу шохобчадан нима наф, деб ҳайрон қолаётган бўлишингиз табиий. Аммо яқин келажакда бу автомобиллар мамлакатимизда ҳам оммалашади, ҳар ҳолда бир тадбиркор сифатида бунга ишонаман.

Айни кунда ҳам ўнлаб хориж давлатларига маҳсулотини экспорт қиладиган ушбу корхона раҳбари фаолиятини аслида бундан 20 йиллар аввал, 10 кило ёнғоқ мағзи сотиш билан бошлаган бўлса, бугун улар йилига бир миллион долларлик маҳсулот экспорти билан шуғулланади. Айнан шу тадбиркор фаолияти туфайли бугун маҳаллада ўнлаб шу йўналишдаги корхоналар вужудга келган. Шунингдек, яна ўнлаб бошқа турдаги тадбиркорлар ўз ишини давом эттирмоқда. Яъни, фалончи иш бошлади, ўхшадику, биз ҳам бир уриниб кўрайликчи, деган умидда тикувчилик цехи очган, ўқув марказию бошқа йўналишда иш бошлаганлар сони ортди.

«Деворга пул сарфлаб, уни томоша қилишдан нима наф?»

Ҳа, шу маҳаллада истиқомат қилувчи Эргашевлар оиласи Россияда ишлаб келгач, бор пулини тадбиркорликка тикди.

- Мен ҳам аввалига бошқа аёллар сингари ишлаб топган пулимизга уйимизни чиройли таъмирлайлик, яхшироқ машина олайлик, дея турмуш ўртоғим билан бироз айтишиб қолгандим, - дейди «Ok fabrik» корхонаси иш бошқарувчиси Азиза Эгамқулова. – Аммо турмуш ўртоғим, бошқа таклифни билдирдилар. «Бор пулни деворга сарфлаб, кейин уни очдан-оч томоша қилиб ўтирамизми, ўйлаб кўр», деганларидан кейин Россияда ўзимиз ишлаган цехларни кўз олдимга келтирдим. Кичикроқ цех ташкил қилсакчи, дея маблағимизни чамалаб, тикув машинкалари харид қилдик, пахтали футболка ва бошқа кийим-кечаклар тика бошладик. Афсуски, ишимиз унчалик ўхшамади. Сабаби, биз бозорни тўлиқ ўрганмагандик. Бор пулимизни тиккандик, ускуналар келтирганмиз. Бошқа маҳсулот тикишга ўтдик. У ҳам биз ўйлаганчалик бозорда харидоргир бўлмади. Изланиш, ўрганишда давом этдик. Миниб юрган машинамизни ҳам сотиб, янгича йўналишда иш бошладик. Яъни энди автомобил ўриндиқларига қопламалар тика бошладик. Ҳозир саккиз нафар хотин-қизни иш билан таъминладик. Туман ҳокимлиги машинкалар олишимизга ҳам ёрдам берди. Ишимизни кенгайтириб, бошқа вилоятлардан ҳам харидорларни кўпайтирсак, янаям кўпроқ хотин-қизларни ишли қиламиз, деган умиддаман.

***

Дарвоқе, туман бўйлаб хизмат сафаримиз давомида халқ оғзаки ижоди тарғиботи йўналишидаги танловга ҳам бирров бош суқишга тўғри келди. Жўшқин овозда лапарлар куйлаётган 82 ёшли онахоннинг шаштига ҳавас қилдик. «Қани эди маҳалламизда фольклор ансамблларни тузишга бош-қош бўладиган бир маскан бўлсайди, ахир орамизда лапараларни маромига етказиб айтадиган онахонлар кўп-да», дейди кумушкентлик Саида она Бозорова.

Икки маҳалла, икки кўрсаткич

Буни қарангки, айнан ишлаб чиқариш яхши бўлган маҳаллаларда рўйхатдаги аёллар сони ҳам кам экан. Мисол учун, «Янгиравот-2» маҳалласидаги икки мингдан зиёд хотин-қизлардан 60 нафари дафтарга киритилган бўлса, Пичоқчида 3600 нафар хотин-қизлар истиқомат қилса-да, уларнинг 35 нафари ушбу рўйхатда. Яъни, биринчи маҳаллада ҳар минг нафар хотин-қизларга 30 нафар эҳтиёжманд аёллар тўғри келса, Пичоқчида бу кўрсаткич 10 нафарни ташкил этмоқда. Шу рақамнинг ўзи тадбиркорни қўллаш, унга имкон бериш ва ривожлантириш, шу маҳалланинг, ҳатто туманнинг нафақат иқтисоди кўтарилишига, балки аҳоли саломатлигию яшаш шароитига ижобий таъсир кўрсатиши, турли ижтимоий муаммоларига барҳам беришда муҳим омил саналади. Шу жумладан, хотин-қизлар муаммоларига ҳам. Ҳар туманда Пичоқчилар кўпайса қанийди, бунинг учун нима қилиш керак? Эҳтимол, кейинги мақолаларимиз шу мавзуда бўлар.

Гулруҳ МЎМИНОВА.