"Имкон қадар тезроқ": Қирғизистон парламенти спикери туманлар номини қирғиз тилига ўзгартиришга чақирмоқда
Мамлакат парламенти спикери Нурланбек Шакиев Бишкекнинг барча туманларини “имкон қадар тезроқ қирғиз тилига ўзгартириш” чақириғи билан чиқди ва “Қирғизистондаги айрим аҳоли пунктлари номлари ҳамон бошқа тилларда қолаётгани"ни таъкидлади.
Бугунги кунда Бишкек маъмурий жиҳатдан тўртта туманга бўлинган - Ленинский, Первомайский, Октябрский ва Свердловский туманлари.
Қирғизистон парламенти раҳбари Қирғизистонда давлат тилини ривожлантириш режалари ҳалигача амалга оширилмаганидан ҳафсаласи пир бўлди.
“33 йил аввал “Давлат тили тўғрисида”ги қонун қабул қилинган эди, бироқ ўтган йиллар давомида биз аниқ натижаларга эришмадик, ҳаммаси сўзда қолмоқда”, деди Шакиев Халқ қурултойида сўзлаган нутқида.
Аввалроқ мамлакат парламенти Свердловск туманига - Чингиз Айтматов ёки Манас, Первомайскийга - Турдақун Усубалиев ёки Жусуп Абдураҳмонов, Октябрскийга - Байтик Баатир ёки Суйменқул Чўкморов, Ленинскийга - Исхоқ Раззоқов ёки Абсамат Масалиев шарафига ном бериш таклиф қилинган эди.
2023 йил 1 январдан Қирғизистондаги бир қанча аҳоли пунктлари янги номларга эга бўлади. Яқинда президент Садир Жапаров “Боткент вилоятининг айрим қишлоқ округлари ва қишлоқларининг номларини ўзгартириш тўғрисида”ги қонунни имзолаган эди.
Республикада қирғиз тили давлат тили, рус тили Конституцияга кўра - расмий тил мақомига эга. Сўровларга кўра, Қирғизистон аҳолиси кундалик ҳаётда асосан давлат тилидан фойдаланади. Бишкек, пойтахтга туташ Чуй вилояти, шунингдек, Иссиқкўл вилоятининг курорт ҳудудлари бундан мустасно.