Имконияти чекланган ўқувчилар қайси касбларни ўзлаштиряпти?

Самарқанд имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган махсус техникумида «Касб ва ёшлар» шиори остида «Очиқ эшиклар куни» ташкил этилди. 

Тадбирда вилоятдаги барча алоҳида таълим эҳтиёжи бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари ҳамда умумтаълим мактабларининг ногиронлиги бор бўлган 125 нафар битирувчи ва уларнинг ота-оналари иштирок этиб, техникумда яратилган шароитлар, ўқитиладиган касблар билан танишди.

- Муассасамизда Самарқанд, Қашқадарё, Бухоро, Навоий ва Жиззах вилоятларининг 226 нафар махсус мактаб-интернатлари битирувчилари «Тикувчи», «Маиший техника жиҳозларига хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш», «Аппарат ва дастурий таъминот созловчиси», «Пойабзал ишлари», «Дурадгорлик ва пол ётқизиш ишлари ишчиси», «Мебель ишлаб чиқариш» касблари бўйича таҳсил олмоқда, - дейди Самарқанд имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган махсус техникуми директори Алишер Бултаков. - Ўқув ва амалий машғулотларни олиб бориш учун замонавий устахона ва асбоб-ускуналар мавжуд. Шунингдек, техникумда ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида 32 та тўгарак ташкил этилган бўлиб, шулардан умумтаълим фанлари, бадиий ҳаваскорлик, рассомлик, зардўзлик ва касбий тўгаракларга ўқувчилар жалб қилинган.

Техникумда «Тикувчилик», «Пойабзал ишлари», «Дурадгорлик ва пол ётқизиш ишлари ишчиси», «Мебель ишлаб чиқариш» касблари бўйича иш берувчи корхоналар билан тузилган ҳамкорлик шартномаларига мувофиқ, уларнинг буюртмаси асосида маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. «Маиший техника жиҳозларига хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш» касби бўйича эса ҳудуддаги аҳолининг уй-рўзғор электротехник буюмларини таъмирлаш ишлари йўлга қўйилганлиги сабабли ўқувчиларнинг касбий кўникмаларини шакллантириш, уларда касбий компетенцияларни ривожлантиришга эришилмоқда.

Тадбир доирасида ота-оналар иштирокида давра суҳбати ташкил этилиб, ўқувчиларни касбга йўналтириш, ўқишга қабул қилиш тартиби, уларнинг бандлигини таъминлаш, таълим сифатини ошириш ҳақида сўз юритилди.