Қирғизистонлик ижодкорлар Самарқандда: Адабиёт туризмини ташкил этиш таклиф қилинди

Қирғиз адабиёти бизга 500 минг мисрадан иборат, қарийб ўн асрлик тарихига эга «Манас» эпоси, Мулла Қилич, Тўғалоқ Мўлда, Тўхтагул Сотилғанов, Қосимали Баялинов ва Чингиз Айтматов каби номлар билан яхши таниш. Бугун ана шу адабиёт вакиллари, яъни қардош ва қўшни юрт адиблари Самарқандга келди.
Дастлаб вилоят ахборот-кутубхона марказида икки мамлакат ижодкорлари ёш китобхонлар билан учрашди.
Учрашувда Қирғиз Республикасининг атоқли давлат ва жамоат арбоби, ёзувчилар уюшмаси раиси, сиёсат фанлари доктори, ёзувчи Қанибек Иманалиев, «Жеткинчек» болалар ва ўсмирлар газетасининг бош муҳаррири, Қирғиз Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, ёзувчи, таржимон Абибилла Пазилов, таниқли ёзувчи Нурали Қобул, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев халқларимиз ўртасида дўстлик, маданият, ижтимоий-сиёсий ва адабий алоқалар мустаҳкамланиб борилаётганини таъкидладилар.
- Ўзбек ва қирғиз халқининг тили маданияти ва адабиёти азалдан бир-бирига ўхшаш, чамбарчас боғлиқ, - дейди Қанибек Иманалиев. – Кейинги йилларда бу алоқалар тобора ривожланиб, ўзбек ва қирғиз адабиётининг энг сара намуналари келишув асосида таржима килиняпти. Жумладан, Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романи биринчи марта қирғиз тилига ўгирилганлиги, кирғиз адабиёти намуналарининг ўзбек тилига таржима қилинаётгани ёки Ўзбекистонга энг кўп келаётган мамлакат вакилларидан бири қирғизлар экани фикримизнинг тасдиғидир.
Бундан ташқари, 2019 йилда Ўзбекистон ва Қирғизистон Ёзувчилар уюшмалари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган бўлиб, ушбу ҳужжат асосида бир неча йиллардан бери биргаликда тадбирлар ўтказилиб, адабий лойиҳалар амалга ошириб келинади. Марказий Осиё ёш ижодкорлари семинари, Туркий тилли мамлакатлар ёш ижодкорлари форуми, «Мумтоз шеърият» фестивали каби тадбирлар шулар жумласидан.
Ёзувчи Нурали Қобул бугун туризм жадал ривожланиб бораётганини қайд этиб, барча соҳаларда мавжуд сайёҳлик нега адабиёт соҳасида йўқлигига эътибор қаратди.
- Назаримда, эко туризм, зиёрат туризми, тиббиёт туризми бўлгани сингари адабиёт туризми ҳам бўлиши керак ва бу ижодкорлар ўртасидаги яқинликни, ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади, - деди у.
Учрашув давомида Қирғиз Республикаси Ёзувчилар уюшмаси раиси Қанибек Иманалиевнинг «Қирғизнома» китоби тақдимот қилинди. Нурали Қобул томонидан таржима қилинган мазкур асар қардош қирғиз халқининг урф-одати, одоб-ахлоқ, эътиқод ва анъаналарини ўзида акс эттирган.
Тадбир давомида икки халқ адабиёти тарғиботига ҳисса қўшиб келаётган ижодкорлар вилоят ахборот кутубхонасига китоблар совға қилди. Адибларнинг хизматлари эътироф этилиб, Ўзбекистон ва Қирғизистон ёзувчилар уюшмаси фахрий аъзолигига қабул килинди.
Ташриф давомида меҳмонларнинг Самарқанд шаҳридаги диққатга сазовор масканларга саёҳати ташкил этилди.
Фазлиддин Рўзибоев.