Имтиҳонларни аъло баҳоларга топширишнинг 10 та сири

Инсон улғаяр экан орзуси ортидан эргашади. Олий маълумотли бўлишни, бирон бир касбни эгаллаб, ҳаётида ўз ўрнини топишни хоҳлайди. Орзуларига эришиш йўлида синовлардан ўтади, олий ўқув юртига кириш, курсдан курсга ўтиш ва олий таълимни битириш имтиҳонларини топширади. Қуйида сиз билан имтиҳонлардан муваффақиятли ўтишнинг тажрибаларда синалган ўнта шарти билан бўлишмоқчимиз:

1.Эслаб қолишга ҳаракат қилинг. Ҳар бир саҳифани ўқиб чиққандан кейин асосий ғояларни кўриб чиқинг ва эсда тутинг. Ҳеч қачон хотирангизда мустаҳкамламасдан туриб, катта ҳажмдаги матнларнинг тагига чизиш билан ажратманг. Доимий равишда такрорлашга ҳаракат қилинг. Эслаш, такрорлаш қобилияти, яъни онг ости ғояларини фаоллаштириш самарали ўқишнинг асосий кўрсаткичларидан биридир.

2.Ўзингизни текширинг. Доимий равишда. Ҳамма жараёнларда.

3.Масалаларни ечишда маълумотларни қисмларга ажратинг. Маълумотларни қисмларга ажратиш муаммонинг моҳиятини тушуниш демакдир.  Биз одатда, масалада нима берилган, нима сўраляпти, биз нималарни биламиз, жараённи қандай шакллантириш мумкин, деган саволларга жавоб қидирамиз. Муаммони ҳал қилсангиз, жараённи такрорланг ва ҳар бир босқични тўғри бажарганлигингизга ишонч ҳосил қилинг.

4.Мавзуларни такрорлашда тартибга риоя қилинг. Ҳар куни спортчилар каби олдинги кунга нисбатан кўпроқ машқ қилинг.

5.Масалаларни ечишда турли усулларни қўлланг. Ҳеч қачон узоқ вақт давомида масалаларни ечишда айни бир усулдан фойдаланманг, акс ҳолда механик тарзда бошқа усулда бажариш керак бўлган масалаларга ҳам қўллашни бошлайсиз. Бир масалани бир неча усулда ечинг, шунда уни чуқурроқ англайсиз (тасаввур қиласиз) ва ўзингизга маъқул усулни танлайсиз.

6.Мияга дам беринг. Бир кунда ҳамма масалаларни ечишнинг ёки тушунчаларни ўзлаштиришнинг иложи йўқ. Бир марталик узоқ машғулотдан кўра, кундалик қисқа машғулотлар самарали. Асабийлашиб бошладингизми, жараённи тўхтатиб, ўзингизни чалғитинг. Шунда масалага бошқа томондан қарашга имкон бўлади.

7.Мавзу ёки масаланинг ечимини хаёлий суҳбатдошингизга оддий ўхшатишлар асосида тушунтиришга ҳаракат қилинг. Топшириқни еча олмаётган пайтингизда ўзингизга савол беринг: “Буни қандай қилиб ўн-ўн беш ёшли болага тушунтирган бўлар эдим?”. Бунда сизга ўхшатишлар ва жараённи тасаввур қилиб шакллантириш қўл келади. Жавобни шунчаки хаёлан берманг, овозингизни чиқариб ёки ёзма баён қилинг. Бу билимларингизни чуқурлаштиришга имкон беради.

8.Диққатингизни жамланг. Хаёлингизни чалғитадиган телефон, телевизор, компьютерни ўчириб қўйинг. Соат таймерини 1-2 соатга қўйиб, диққатингизни мавзуни ўзлаштириш ёки топшиқни бажаришга қаратинг. Вақтингиз тугагандан сўнг ютуқларингиз учун ўзингизни рағбатлантиринг. (Мен дономан. Мен ҳаммасини уддалайман). Қарсак чалсангиз ҳам бўлади. Кайфиятингиз кўтарилади. Асосийси, диққатингиз бўлинишига йўл қўйманг.

9.Мураккаб топшириқларни куннинг биринчи ярмида бажаринг. Фикрингиз тиниқ бўлади.

10.Орзуга интилинг. Шунчаки ўқиманг, яхши ўқинг. Энг яхши мутахассис бўлишга ҳаракат қилинг. Келажагингизни ифодалайдиган расм ёки ёзувни иш столингиз устига илинг. Ишонинг Сиз, албатта, ҳаммасини уддалайсиз.

Азиза Қудратова,

СамДУ ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини  ошириш минтақавий маркази ўқитувчиси.