Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси ташкил этилади
– Юртимизда аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни тубдан яхшилаш, соғлиқни сақлаш соҳасини бошқариш тизимининг самарадорлигини ошириш ҳамда халқаро стандартлар ва инновацион технологияларни жорий этиш мақсадида соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этишга қарор қилинди, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси Абдулла Абиев. – Бу асосда халқаро методикаларга мувофиқ аҳоли саломатлиги кўрсаткичларининг барқарор яхшиланишини ва тизимдан қаноатланганлик даражасини таъминлаш, минтақада тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлиги бўйича етакчи ўринларни ҳамда жаҳон рейтингларида муносиб ўринни эгаллаш, хусусий сектор улушини салмоқли даражада кўпайтириш билан бирга унинг сифатини ошириш, тиббиёт ва фармацевтика ходимлари, шу жумладан, бошқарув кадрларига халқаро стандартларга мувофиқ узлуксиз таълим бериш ва улар малакасини оширишнинг замонавий тизимини яратиш вазифалари белгилаб берилди.
Қарорга асосан Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси ташкил этилиб, соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш стратегиясини, илғор халқаро стандартлар ва жаҳондаги энг яхши амалиётни ҳисобга олган ҳолда соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш вазифаси топширилди. Шифокорлар ва провизорларни рўйхатга олиш тизими, умумий фойдаланиш учун очиқ бўлган ягона электрон маълумотлар базаси шакллантирилади.
Янги ташкил этилган миллий палата халқаро стандартларга жавоб берадиган соғлиқни сақлаш инфратузилмасини яратишга, тиббиёт ва фармацевтика ташкилотларини замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш учун молиявий маблағлар жалб этишга, шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасида янги ташкилотлар ташкил қилишга кўмаклашади. Энг муҳими, тиббиёт ходимларининг обрўсини, ушбу касб нуфузи ва мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимига бўлган ишончни ошириш, тиббиёт ходимларига одоб-ахлоқ қоидаларини сингдириш, коррупция кўринишларига барҳам бериш ва уларнинг олдини олиш борасида жамоатчилик назоратини олиб боради.
Яна бир гап. 2021 йилдан бошлаб провизорларнинг миллий палатада рўйхатдан ўтмасдан касбий фаолият юритиши тақиқланади.
Мазкур қарор билан жорий йил якунига қадар тиббиётда "Электрон поликлиника", "Ақлли тиббиёт" ва "Ягона тиббий маълумотлар маркази" концепцияларини ҳаётга татбиқ этиш белгилаб берилган.
Хўш, улар нима дегани? Уларнинг ишлаш принципи қандай? Айни кунларда вилоятимиз тиббиёт соҳасида қандай ишлар олиб борилаётгани кўпчиликни қизиқтириши табиий. Чунки бу концепция юртимизга янгилик сифатида кириб келмоқда.
– Масофадан туриб профилактика қилишни таъминлайдиган "Ақлли тиббиёт" ва "Ягона тиббий ахборот маркази"ни ҳаётимизга татбиқ этиш зарур, – дейди А.Абиев. – Инновацион ривожланиш йўлидан бораётган давлатларда "ақлли технологиялар" барча соҳаларда кенг татбиқ этилмоқда. Чунки уларнинг асосий мақсади – кам вақт ва куч сарфлаб, юқори натижага эришишдир. "Ақлли тиббиёт" ва "Ягона тиббий маълумотлар маркази" шу мезон асосида ишлаб, касалликларни олдиндан аниқлаш, уларни масофадан профилактика қилиш имконини берувчи тизим ҳисобланади. Бу эса фойдаланувчига исталган вақтда ва исталган жойда тиббий хизматдан фойдаланиш имконини яратади. Энг муҳими, хизмат сифати энг чекка қишлоқда ҳам, пойтахтда ҳам бир хил бўлиши таъминланади. У ўз ичига бирламчи тиббий бўғиндан тортиб, шошилинч ва ихтисослаштирилган тиббий хизматгача бўлган жараёнларни қамраб олади.
"Ягона тиббий маълумотлар маркази" беморнинг амбулатор картаси, касалликлар тарихи киритилган электрон маълумотлар базасидир. Бу базада бола дунёга келишидан бошлаб, саломатлиги, эмлаш ва даволаниши билан боғлиқ барча маълумот киритиб борилади. Беморни даволовчи шифокорда ушбу базага кириш, қўшимча маълумот жойлаштириш имконияти мавжуд бўлади.
Оддий амбулатор картадан электрон шаклнинг қандай афзаллиги бор, деган савол туғилиши табиий. Аввало, электрон шаклда кўпгина хатоларнинг олди олинади. Масалан, карта йўқолиши, маълумотлар тўлиқ ёки умуман ёзилмаслиги ҳолатларига барҳам берилади. Муолажа тайинлашда беморнинг бутун касаллик тарихи, илгари олган муолажалари билан танишиш имконияти яратилади.
"Ақлли тиббиёт" тизими эса шифокорга замонавий ахборот технологиялари ёрдамида бемор билан алоқа ўрнатиш ва масофадан туриб даволаш имконини беради. Бемор танасига ўрнатилган махсус датчик ва чиплар орқали шифокор қаерда бўлишидан қатъи назар, мижози саломатлиги ҳақидаги муҳим маълумотлардан хабардор бўлади. Мисол учун, ҳаётий кўрсаткичлар – тана ҳарорати, қондаги қанд миқдори, артериал қон босими ҳақидаги ахборот шифокорга келиб туради. Бу сурункали ва яширин кечувчи касалликлар профилактикасида, уларни аниқлаш, беморнинг саломатлиги ҳолатини мониторинг қилиш ва даво чораларини тайинлашда муҳимдир.
Ҳозирда "Ақлли тиббиёт"нинг илк хизмат турлари жорий этила бошланди. Хусусан, "электрон навбат", "беморнинг электрон карточкаси", "электрон рўйхатга олиш", "электрон рецепт" тизими ва "электрон дорихона", "электрон ордер" каби хизмат ва сервислар яратилмоқда. Телемедицина, мобиль медицина (мобиль хизматлар, m-Health), электрон таълимни ривожлантириш ишлари жадал олиб борилмоқда.
Дилмурод ТЎХТАЕВ,
"Зарафшон" мухбири.