Инсон 100 йил яшашига далолат берадиган омиллар

Бир қатор илмий тадқиқотлар инсон узоқ умр кўришига таъсир қиладиган нарсалар борлигини кўрсатди. Хусусан, илмий иш жараён танадаги модда алмашинуви учун масъул бўлган генлар умр кўриш давомийлиги билан бевосита боғлиқлигини аниқлаб берди.

Темир

- Қонда ҳаддан ташқари кўп темир бўлмаслиги муҳим аҳамиятга эга, - дейишади олимлар. Уларнинг фикрига кўра, темир моддасининг кўплиги инсон ҳаётини қисқартиради. Агар Ferrum даражаси нормал бўлса, унда қариш жараёни секинлашади, шунингдек, кекса ёшдаги одамлар касалликка камроқ учрайди.

Ирсият

2015 йилда Америка ва Италия олимлари 90 ва 100 ёшдан ошган гуруҳдаги фуқароларда 4 та узоқ умр кўриш гени борлигини аниқлашди. 2019 йилга келиб халқаро тадқиқотчилар гуруҳи инсондаги умр кўриш давомийлиги билан боғлиқ бўлган 12 геном ҳудудини қайд этди.

Булар асосан юрак-қон томир касалликлари, 2-тоифа диабети ва чекиш натижасида келиб чиқадиган касалликларга мойиллик шаклланадиган ҳудудлар эди. Яъни, агар инсоннинг ота-онаси, бобоси ва бувиси бундай касалликларга дучор бўлган бўлса, унда унинг ўзи ҳам бу касалликларни “орттириш”и мумкин.

Жинс

Германия ва Дания олимлари томонидан қизиқарли тадқиқот ўтказилди: улар инсоният тарихидаги энг қийин пайтлардаги, хусусан, Тринидад оролидаги қул савдоси, Исландиядаги қизамиқ эпидемияси ва Швеция, Ирландия, Украинадаги очарчилик давридаги демографик вазиятни ўрганишди. Ушбу даврларда улар деярли ҳамма жойда аёллар эркакларга қараганда кўпроқ умр кўрганини аниқлашди.

Фикрлаш тарзи

Инсоннинг умр кўриш давомийлигига унинг дунёқараши ҳам таъсир қилади, дейди америкалик шифокорлар.

1500 эркак ва 70 000 аёл иштирокида ўтказилган тажриба давомида олган маълумотлар одатда оптимистлар бошқаларга қараганда 11-15 фоиз узоқроқ яшашини аниқлади.

Шифокорлар буни доимо ижобий фикрлайдиган одамларга юрак-қон томир ва ўпка касалликлари камроқ ҳужум қилишлари билан изоҳлашди.

Ушбу тоифадаги фуқаролар (кўпинча) соғлом турмуш тарзини олиб боради, бундан ташқари, оптимистларга уларнинг ўзига бўлган ишончи қўшимча ҳаёт йилларини қўшар экан.

Таълим

Тахминан 200 минг европалик аҳоли ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилган тадқиқотчилар агар инсон иложи борича кўпроқ таълим олиш бўйича генетик мойилликка эга бўлса, унда узоқ умр кўриш учун барча имкониятлар мавжуд, деган қизиқарли хулосани берди. Оддий қилиб айтганда, билимга чанқоқлик қанчалик баланд бўлса, инсон шунчалик узоқ умр кўради.

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.