Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тарбияда танаффус бўлмайди

Самарқанд шаҳрида 5-6 декабрь кунлари “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” Глобал форуми ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 76-сессияси ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида илгари сурилган ташаббус асосида ташкил этилган тадбирда халқаро, минтақавий ва хорижий ташкилотлар вакиллари, маҳаллий ва чет эллик экспертлар, депутатлар, ҳуқуқшунослар, нодавлат ташкилотлар масъуллари иштирок этди.

Глобал форумнинг иккинчи кунги ялпи мажлисида дунёда инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи ёш педагогларнинг илғор тажрибасини оммалаштиришга қаратилган ҳужжатли лойиҳа муҳокама қилинди. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва ўқитиш бўлими мувофиқлаштирувчиси Елена Ипполити ҳамда мазкур бўлим ходими Паулина Тандионо айни мавзуда ўз маърузаларини тақдим этди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия тизимини халқаро, минтақавий ва миллий даражаларда такомиллаштириш зарур. Шу нуқтаи назардан, Глобал форумнинг учинчи ялпи мажлиси бу борадаги илғор тажрибалар тўғрисида ахборотлар алмашиш ва шу асосда амалий тавсиялар ишлаб чиқишга бағишланди.

ЮНЕСКО Бош директорининг Таълим масалалари бўйича ўринбосари Стефания Жаннини ҳамда Парламентлараро Иттифоқ Президенти Дуарте Пачеконинг видеомурожаатлари тингланди.

Иштирокчиларнинг таклиф-тавсиялари асосида “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни ривожлантириш бўйича Самарқанд ҳаракатлар режаси (2023–2025)” қабул қилинди.

Глобал форумнинг ёпилиш маросимида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги Инсон ҳуқуқлари таълими бўйича минтақавий вакили вазифасини бажарувчи Фабио Пиана дастурда кўзда тутилган барча тадбирлар муваффақиятли ўтгани, мавзулар юзасидан муҳим таклиф ва ташаббуслар билдирилганини таъкидлади.

– Ялпи мажлис ва сессияларда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси ҳамда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш натижалари муҳокама қилинди, – деди А.Саидов. – Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича мавжуд халқаро ва минтақавий ҳужжатлар ҳамда ёндашувларни қўллаш масаласи таҳлил қилинди. Шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича қўлга киритилган энг самарали тажриба ва амалиётни ўрганиш, тарғиб қилиш ва жорий этиш ҳолати ҳамда имкониятларига баҳо берилди. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичи асосий йўналишлари бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Энг муҳими, Глобал форум якунлари бўйича қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни ривожлантириш бўйича Самарқанд ҳаракатлар режасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тарбияни самарали амалга ошириш бўйича халқаро ҳамжамият, миллий ҳукуматлар, ўқув ва илмий муассасалар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари олдида турган вазифа, таклиф ва тавсиялар ўз ифодасини топди.

Глобал форум якунида форум иштирокчиларининг тажрибаси ушбу вазифаларни амалга оширишга яқиндан ёрдам беришига ишонч билдирилди. Чунки бунда “таълим ва тарбияда танаффус бўлмайди”, деган тамойилга амал қилиб, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тарбияни оилада, мактабгача таълимда, мактаб ёшида, олий таълимда, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари каби профессионал институтлар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали узлуксиз давом эттириш муҳим аҳамиятга эга.

Самарқанд форуми давомида “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони совриндорларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан 2020 йилда таъсис этилган мазкур нишон ҳар йили 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни арафасида топширилади. Жорий йилда ушбу мукофотга 6 нафар ҳамюртимиз, 2 нафар чет эл фуқароси ва 2 та нодавлат нотижорат ташкилоти сазовор бўлди.

Кўкрак нишонини Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ўз эгаларига тантанали топширди.

Форум тадбирлари доирасида Самарқанд давлат университетида “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича маҳорат дарслари” ўтказилди.

Оффлайн ва онлайн усулларда олиб борилган маҳорат дарслари жаҳоннинг нуфузли университетларидан таклиф этилган кўзга кўринган профессор-ўқитувчилар иштирокидаги қизиқарли маъруза ва баҳс-мунозаралар, ўз навбатида, жонли мулоқот ва амалий савол-жавоблар учун қулай майдон яратди.
Машғулотларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида юридик йўналишда фаолият олиб борувчи 20 дан ортиқ олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларидан 6500 дан ортиқ профессор-ўқитувчи, прокуратура ходимлари, бакалавриат ва магистратура йўналишида таҳсил олаётган талабалар, илмий фаолият билан шуғулланаётган ёш олимлар иштирок этди. Шунингдек, Адлия вазирлиги тизимидаги 14 та юридик коллеж ўқувчилари маърифий-ҳуқуқий тадбирда фаол қатнашди.

Ғ.Ҳасанов,

А.Исроилов (сурат).