“Инсон қадри” онлайн платформасида аҳоли ўз фикр, таклиф ёки эътирозларини билдириши мумкин
Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда вилоят ҳокимлиги томонидан “Инсон қадри” онлайн платформаси тақдимоти бўлиб ўтди.
Унда порталнинг ишлаш механизми, ушбу лойиҳадан мақсад ва натижалар хусусида маълумот берилди. Шунингдек, тақдимотда бугунги муҳим ижтимоий-сиёсий жараён - “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси ҳақида маълумотлар берилди.
– Энди фуқаролар онлайн платформа орқали аҳоли давлат дастурларида белгиланган чора-тадбирлар ижроси билан батафсил танишиши, тегишли йўналишда амалга оширилиши кўзда тутилган ишлар юзасидан фикр, таклиф ёки эътирозларини билдириши мумкин, - деди “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков. – Тараққиёт стратегияси ва давлат дастури ижросини кенг жамоатчилик томонидан кузатиб бориш имконини яратиш мақсадида онлайн порталдаги маълумотлар мунтазам янгилаб борилади. Бу жараённинг шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.
Шунингдек, тақдимотда Э.Туляков Конституцияга киритилаётган ҳар бир ўзгартиш ва қўшимчани батафсил шарҳлаб, йиғилганларга 66 та моддага 200 дан ортиқ ўзгартиш ва 6 та янги модда ҳамда унга киритилаётган 16 та янги норма бўйича тушунчалар берди. Тадбирда иштирок этаётган депутатлар томонидан ҳам бу бўйича таклифлар, фикр-мулоҳазалар билдирилди.
- Хусусан, ҳозирда ҳокимлар бир пайтда ҳам ижро ҳокимияти, ҳам халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши раҳбари лавозимида фаолият юритади, - дейди халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати Баҳодир Раҳмонов. – Бугун ушбу амалиётдан воз кечиляпти. Бу янгиланаётган Конституция лойиҳасида алоҳида белгилаб қўйилиши назарда тутилган.
Тадбирда депутатлар, ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари иштирок этиб, Конституция лойиҳаси ҳамда “Инсон қадри” онлайн платформаси бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди.