Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимга оид ҳужжатлар тўплами чоп этилди

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим: халқаро ва миллий ҳужжатлар тўплами” нашр этилди. Тўплам шу йил 5-6 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» мавзусидаги Глобал форумга тайёргарлик доирасида чоп этилди.

Самарқанд Глобал форумини ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 76-сессияси ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида илгари сурилган.

Янги тўпламда БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича халқаро ҳужжатлари ва мамлакатимизда шу соҳада қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ўзбек (кирилл ва лотин ёзувларида), инглиз, француз ва рус тилларидаги матнлари жамланган.

Тўплам Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия раҳбари, академик А.Саидов масъул муҳаррирлигида нашрдан чиқарилди.

Китоб инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган кенг доирадаги мутахассисларга мўлжалланган. У ўқитувчилар, аспирантлар, докторантлар, юридик факультетлар талабалари, шунингдек, ушбу соҳага қизиқувчи кенг китобхонлар учун ҳам фойдали ва манзур бўлиши тайин.

Миллий марказ ташаббуси билан “Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари туркуми”да нашр этилган барча китоблар Самарқанд Глобал форуми иштирокчиларига тақдим этилади. Шунингдек, Форум доирасида ўтказиладиган “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги адабиётлар” кўргазмасида намойишга қўйилади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг матбуот хизмати