Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси: Дунёни адолатга чорловчи ҳуқуқий ҳужжат

Бугун умумжаҳон инсон ҳуқуқлари декларацияси қабул қилинганига 75 йил тўлди.

БМТ Бош Ассамблеясининг 3-сессиясида қабул қилиниб, ташкилотга аъзо барча мамлакатларга тавсия мазмунига эга бўлган мазкур Декларация сайёрамизда яшаётган инсонларнинг барчасига бирдек тегишли бўлган ҳуқуқларни очиқлайди. Бу ҳужжат дунёнинг шу кунгача беш юздан ортиқ тилига таржима қилинган бўлиб, энг кўп таржима қилинган ҳужжатдир. 30 моддадан иборат Декларация инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро қонуннинг таркибий қисми ҳисобланади.

Инсон ҳуқуқларига оид қонунчилик 3 босқичда яратилган. Биринчи босқич — инсон ва фуқаро ҳуқуқлари француз декларациясидан бошланиб, то Биринчи жаҳон урушигача бўлган даврни ўз ичига олади. Ушбу босқичда шахс эркинлиги, дахлсизлиги ва фуқаролар тенглиги, хусусий мулк, сайлов ҳуқуқларига оид масалалар ўрин эгаллаган.  

Инсон ҳуқуқларининг иккинчи босқичи — XX асрнинг 1-ярмини ўз ичига олиб, бунда инсоннинг меҳнат қилиши, дам олиши, ижтимоий ёрдам олиши каби ҳуқуқлари қонунчиликнинг асосий қисмини эгаллаган.  

XX асрнинг 2-ярмидан бошлаб ҳозиргача бўлган давр – инсон ҳуқуқлари қонунчилигининг учинчи босқичи ҳисобланади ва бу йиллар давомида инсонларни тинч яшаш, соф ва тоза атроф муҳитга эга бўлиши, ахборот олиш ҳуқуқларига катта эътибор қаратилган.

Ҳозирги даврда инсон ҳуқуқларига оид БМТ томонидан 70 га яқин, Европа Кенгаши Бош ассамблеяси томонидан 160 дан зиёд, ЮНЕСКО томонидан 70 дан, Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти томонидан эса 30 дан ортиқ халқаро конвенциялар, декларациялар, пактлар қабул қилинган.  

Маълумотларга кўра, ҳозирги пайтда инсон ҳуқуқлари бўйича 400 га яқин халқаро ҳужжат мавжуд. Шулардан энг муҳими, БМТ Бош ассамблеясининг резолюцияси билан 1948 йил 10 декабрда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ҳисобланади. Бутун дунёда инсон ҳуқуқларига тааллуқли бўлган қонун ҳужжатлари мана шу БМТнинг ҳужжати асосида ишлаб чиқилиб, қабул қилинган.  

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси барча мамлакатлар каби Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ҳам ўзагини ташкил этади ва мамлакатимиз асосий қомусининг яратилиши инсон ҳуқуқларига оид қонунчилик тизимининг учинчи босқичига тўғри келади.  

Маълумки, жорий йилнинг 30 апрель куни мамлакатимизда биринчи маротаба умумхалқ референдуми орқали янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди. Асосий қонунимизнинг 65 фоизи халқ муҳокамаси ва таклифлари асосида янгиланиб, Инсон ҳуқуқларига оид нормалар 3 баробарга оширилди. Шу нуқтаи назардан ёндашилса, инсон ҳуқуқларининг деярли барча моддалари Конституциямизда ўз аксини топган десак, тўғри бўлади.