8 ой давомида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимояси бўйича 15 мингдан ортиқ қонунбузилиш ҳолати аниқланган

2022 йил 8 ойи давомида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимояси бўйича 2 664 та текшириш ўтказилиб, 15 615 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Бу ҳақда Бош прокуратура бўлим бошлиғи Толибжон Умаров АОКАда бўлиб ўтган  брифингда маълум қилди.

Бунда қонунга зид бўлган ҳуқуқий ҳужжатни бекор қилиш ҳамда аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш борасида 17 449 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилиб, 5,7 млрд. сўмлик етказилган зарар ихтиёрий қопланган, судларга қиймати 53,1 млрд. сўмлик даъво аризалари  киритилган.

Таҳлиллар асосида ўрганилганида, никоҳдан ажратиш ҳақидаги 18 та ва фарзандликка олиш тўғрисидаги 13 та, жами 31 та ҳал қилув қарорлари қалбакилаштирилганлиги ҳолати бўйича жиноят ишлари қўзғатилди.

Шунингдек, “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ прокуратура органлари томонидан 77 нафар болага ихтиёрий равишда оталикни белгиланиши ва туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалар олиб берилиши таъминланди.