Инсон манзаралари: «Физарядка»
- Ҳой, ҳой, Нима қиляпсиз, - Анзират момо субҳидамда эшик олдини супираётган Махсус буванинг қўлидаги супургига ёпишди. – Қизлар, келинлар турганида саксонга кираётган қария уялмайсизми?
- Қўй, кампир, яна бироз супурай, оёқ-қўлим сирқираб чиқди. Дўхтир тўғри айтган экан, “физзарядка” қилиб анча енгил тортдим. Кампир бўлиб бундай массаж-пассаж қилиб қўяй демасанг, - Махсум бува қувлик билан кўзини қисди.
- Боринг-е, қариб қуйилмаган чол, уялмайди ҳам, - дея Анзират момо ўгирилиб уйга кириб кетди.
Муолажа
- Дўхтир ўғлим, катта раҳмат, айтганларингга амал қилиб анча тузалиб қолдим. Ҳар куни овқатдан олдин бир пиёла қизил шароб ичиб турибман. Яна бир кўрикдан ўтай, деб келувдим, - Маҳмуд тоға дўхтирга ўнг қўли билагини яланғочлаб узатди.
- Яхши, қон босимингиз жойида, юрак уришингиз меъёрда. Шу режимга амал қилишда давом этинг, - дея дўхтир Маҳмуд тоғани обдон текшириб кўрди. – Бир кунда неча маротаба овқатланяпсиз?
- Муолажа буюрмаганингдан олдин кунига уч марта овқатланардим, - деди Маҳмуд тоға. - Шароб тавсия қилганингдан кейин кунига олти марта овқатланяпман.
Ишқибоз
Сахаддин ашаддий футбол ишқибози. Телевизорда ўйин намойиш қилинадиган кун унинг учун байрам. Томоша қилишга пухта тайёргарлик кўради. Бугунги ўйин олдидан ҳам шундай қилди. Ахир кимсан, Рональдонинг жамоаси ўйнайди-я, хотинига ош дамлашни буюриб, телевизор рўпарасига яхшилаб жойлашиб олди. Хотини ошни сузиб келганида Сахаддин узала тушиб хуррак отар, ёнида ароқ бўшаган шиша думалаб ётар, телевизорда ўйин бошланиб кетганди.
Тоғаймурод ШОМУРОДОВ.