Инсон манзаралари: Хумор
Ҳаққул бува пенсияга чиққач, бир ҳафта носқовоғини йўқотган носкашдай ҳеч қаерга сиғмай каловланиб юрди. Қирқ йил трактордан тушмай ишга меҳр қўйиб қолган бува пенсияга чиққач, касби бунчалик хумор қилади деб ўйламаган эди.
Кампири Садаф момо унинг аҳволини кўриб хавотирга тушиб қолди. “Фол-пол очириб келмасам бўлмайди”, деб тонг-саҳар фолбинникига жўнади. Қайтиб келса, чоли уйида йўқ. "Қаерда санқиб юрибди экан-а, ишқилиб тинчлик бўлсин-да. Ё бирорта кампирни... йўғ-ей, қариган чоғида ўлдими, унақа қилмас".
Садаф момо тиқ этса эшикка қараб кунни кеч қилди: чолдан дарак йўқ. Хавотири баттар кучайиб, ўғиллари, қариндош-уруғларига хабар қилсаммикан, деб турганида, ташқарида, дарвоза олдида тўхтаган машинанинг овозини эшитди. “Иш қилиб тинчлик бўлсин-да”. Рўмолини йўл-йўлакай тузатиб ташқарига югурди. "Нексия"дан кайфияти чоғ Ҳаққул бува тушиб келарди. Юбилей куни кийган яп-янги костюм-шим, дўппи, афти-ангорига қараб бўлмайди –чанг, тупроқ...
- Вой ўлмасам, сизга нима бўлди, бу нима аҳвол? - Садаф момо рўмолининг учини тишлаб анграйиб қолди.
- Нимасини сўрайсан кампир, яйраб ишлаб келдим! Шунча йил трактор ҳайдаб бугунгидек маза қилмаган эдим. Вой бў, бугун бунча очилиб кетибсан. - Ҳаққул бува ҳазиллашиб Садаф момога кўзини қисди.
- Сизга бир бало бўлганми, қариб қуйилмаган чол, - Садаф момо уялиб ўзини ичкарига урди.
"Нексия"нинг эшигига суяниб турган фермер Олимжон бахтиёр чол-кампирга ҳаваси келиб кулиб турарди.
Тоғаймурод Шомуродов.