Инсон миясининг ғалати сирлари ва уларни сақлаб юрадиган одамлар
Германиялик қиз миясининг фақат битта ярим шари билан мукаммал кўра олади
Германияда миясининг фақат битта, чап ярим шари билан туғилган 10 ёшли қизнинг ажойиб кўриш қобилияти шифокорларни ҳайратда қолдирди. Инсонга яхши кўриш учун миянинг иккала ярим шари ҳам керак, чунки оптик нервлардан келадиган визуал маълумотлар қайта ишлаш учун миянинг қарама-қаршиликдаги ярим шарларига юборилади. Тегишинча, битта ярим шар билан фақат битта кўз, бу қизнинг ҳолатида эса фақат ўнг кўзи кўра олиши керак эди.
Бироқ, қиз оддий бинокуляр мукаммал кўриш қобилиятига эга. 2010 йилда шифокорлар ушбу ҳодиса сабабларини аниқлашга ҳаракат қилиб, унинг миясини сканерлашди. Аниқланишича, қиз чап кўзининг оптик нерв толалари чап ярим шарга “кўчиб ўтган” экан, яъни миясининг чап ярим шари иккала кўзидан келиб тушаётган маълумотларни идрок эта олади. Мия қобиғидаги чап ярим шарда визуал маълумотларни қайта ишлаш учун мўлжалланган махсус жойларнинг шакллангани тушунмовчиликдан қочишга ёрдам берди.
Барча дўстлари бегона бўлиб кўринган питтсбурглик аёл
1996 йилда 22 ёшли америкалик аёл автоҳалокат оқибатида бошидан жароҳат олди. Икки йилдан сўнг у бош оғриғидан азият чека бошлади ва Питтсбург касалхонасининг психиатрия бўлимига олиб кетилди, чунки аёл атрофидаги бегона одамлар ҳақида гапирарди, лекин бу “бегоналар” унинг дўстлари ва оила аъзолари бўларди.
Шифокорлар аёлга Фреголи синдроми деб аталадиган кам учрайдиган касаллик ташхисини қўйишди. (Ушбу касаллик намойиш давомида либосларини жуда тез алмаштира олиши ва ролларни жуда тез ўзгартириши билан машҳур бўлган италиялик актёр шарафига номланган). Ушбу синдром билан оғриган беморлар кўпинча атрофидаги яқин одамларини танимасдан, улар потенциал хавфли одамлар эканлигидан даъво қилишади.
Бир ойлик даволанишдан сўнг аёлнинг аҳволи барқарорлашди, шундан сўнг у ҳатто бошидан кечирган нарсаларини эслай олмади.
Сем Эскьюбел ва унинг миясидаги товон
Навбатдаги ультратовуш текширувидан сўнг Сэм Эксьюбелнинг онаси янги туғилган чақалоғининг миясида шиш борлиги ҳақидаги хабардан кўнгли ғаш бўлди. Туғилганидан уч кун ўтгач, ушбу ўсимта чақалоқнинг миясидан олиб ташланди.
Ўсимтага етиб боргач, бола миясида кичкина одам оёғи борлигини тушунган жарроҳлар ҳайрон бўлишди. Шифокорлар болада иккита мумкин бўлган - тератома ёки “ҳомиладаги ҳомила” ташхисини илгари сурдилар. Ўсимтанинг ноёб тури бўлган тератоманинг ичида соч, тиш, тирноқ ёки тери ўсиши мумкин, ҳомиладаги ҳомила эса жуда кам учрайдиган парокандалик бўлиб, унда бир эгизак бачадонда иккинчи эгизакни ютиб юборади.
Тўлиқ текширувлар жарроҳлар ҳақиқатан ҳам “ҳомила ичидаги ҳомила” ҳолатига дуч келганликларини аниқлади, чунки улар оёқдан ташқари болакай миясидан қўл, сон суяги ва ичакни ҳам топиб олишди. Бу “ўсма”ларнинг барчаси муваффақиятли олиб ташланди. Ҳозирда болакай тирик ва соғлом.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.