Инспекция уй-жой фондидан фойдаланиш масалаларини назорат қиляптими?

Бугун мамлакатимизнинг аксарият ҳудудларида кўп қаватли турар жой бинолари барпо этилаётгани кўп хонадонли уй-жой фондини бошқариш, уларда истиқомат қилувчи аҳоли учун муносиб шарт-шароитлар яратишда юкламаларни юзага келтирмоқда. Табиийки, бу ҳолат соҳада камчилик ва муаммоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлаётир.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси вилоят ҳудудий инспекцияси инспектори Самандар Исматов билан суҳбатимиз шу каби масалалар хусусида бўлди.

– Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси Президентимизнинг 2017 йил 18 апрелдаги “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимини бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан ташкил этилган. Давлатимиз раҳбарининг ўша йил 19 апрелдаги “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарор билан инспекцияга кўп хонадонли уй-жой фондини, унга туташ ҳудудларни сақлаш ва ундан фойдаланиш қоидаларига риоя этиш, кўчмас мулк эгаларининг биноларни ўзбошимчалик билан ўзгартиришига йўл қўймаслик, умумий фойдаланиладиган жойлар, фасадлар, уйларнинг ички муҳандислик-коммуникация тармоқларини таъмирлаш-тиклаш ишларини тизимли ўтказиш қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш вазифалари юклатилган. Шунингдек, инспекция уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ташкилотлари томонидан тегишли коммунал хизматлар кўрсатишда техник тартибга солиш бўйича меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя этилишини, кўп хонадонли уйларда кўчмас мулк эгаларининг мукаммал таъмирлаш ишларини бажариш учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли фойдаланишни ҳам назорат қилади.

Бугунги кунда инспекция ўзига берилган ваколатлар доирасида кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаб туриш ва улардан фойдаланиш соҳасида ваколатли орган сифатида тўлиқ шакллантирилиб, республикамизнинг барча ҳудудларида фаолият юритмоқда.

– Кейинги пайтда “анъанага” айланган - айрим тадбиркорлар ва аҳолининг шаҳарсозлик ва қурилиш қоидаларига зид равишда, ўзбошимчалик билан турар жой конструкцияларини ўзгартираётганидан инспекция қай даражада хабардор?

– Албатта, инспекция шаҳарсозлик ва қурилиш қоидаларига зид равишда ўзбошимчалик билан турар жойларнинг конструкцияларига ўзгартириш киритиш орқали уларнинг табиий офатларга бардош бера олмайдиган аҳволгача олиб келинишига сабаб бўлаётган ҳуқуқбузарликларни, шу жумладан, фуқароларимизнинг хавфсиз яшашига раҳна соладиган даражада ноқонуний қурилмаларни аниқлаб, уларни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик чораларини кўрмоқда.

Жумладан, инспекция томонидан ўтган йил 157 та уй-жой фондининг техник хавфсизлик ҳолатлари ўрганилиши натижасида 190 та кўчмас мулк эгаларининг уйга туташ ҳудудларда ноқонуний қурилмалар барпо этганлиги, кўп хонадонли уйлардаги 644 та болохона айвони (балкон) ўзбошимчалик билан ўраб олинганлиги, 232 та уйнинг фасадидан ноқонуний эшиклар очилганлиги, 14 та уйдаги хонадоннинг ички қисми ўзбошимчалик билан ўзгартирилгани, 20 та умумий фойдаланишда бўлган ҳудудлар тўсиб олинганлиги, уйларга туташ 2004 квадрат метр ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллангани ва 53 та бошқа турдаги қоидабузарликлар аниқланди. Ушбу қонунбузилиш ҳолатларининг аксарияти жойида бартараф этилиб, 83 нафар мулкдорларга мажбурий кўрсатмалар тарқатилди, 56 ҳолатдаги камчиликлар бартараф этилди, 27 ҳолатда ноқонуний қурилмалар учун мулкдорларга нисбатан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, судларга тақдим этилди.

Йигирма етти нафар айбдор шахсга нисбатан маъмурий жарималар қўллашга оид судларга киритилган материаллар бўйича айбдорларга 7 миллиард 359 миллион сўмлик жарималар қўлланилди. Ўзбошимчалик билан барпо этилган бинолар буздирилиб ва иншоотлар ўрни ободонлаштирилди.

– Аҳоли кўп ҳолларда уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятидан норозилик билдиришади. Бунинг сабаби нималарда деб ўйлайсиз?

– Истеъмолчилар ҳақ. Чунки уй-жой мулкдорлари ширкатларининг мажбурий бадал ва кредит маблағларидан мақсадли фойдаланишга оид фаолиятида кўплаб ноқонуний ишлар кузатилмоқда. Ўрганиш натижаларига кўра, ширкатлар 64 та ҳолатда 349 миллиард 65 миллион сўмлик маблағларни мақсадсиз сарфлаган. Шулардан иккита ҳолатда 259 миллиард 87 миллион сўм иш ҳажмига қўшиб ёзилганлигига оид муаммоларни жойида бартараф этдик. Икки ҳолатда эса 59,39 миллион сўмлик маблағлар талон-торож қилинганига оид тўпланган ҳужжатлар чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга юборилди.

– Кўп қаватли уйларнинг лифт ускуналарида бот-бот носозликлар учраётгани аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётир.

– Дарҳақиқат, кўп қаватли уйларда лифтлардан йиллар давомида таъмирсиз фойдаланиб келинаётгани, ускуналарнинг аксарияти муддатини ўтаб бўлгани ёки техник хизмат кўрсатиш тизимларининг йўлга қўйилмагани фуқароларимизга ана шундай ноқулайликларни келтириб чиқармоқда.

Шу каби муаммоларни бартараф этиш мақсадида 2020 йил 12 июнда Вазирлар Маҳкамасининг “2021-2027 йилларда республикадаги кўп квартирали уйларнинг лифт ускуналарини таъмирлаш ва янгилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш бўйича инспекция томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда кўп квартирали уйлардаги мавжуд лифт ускуналарининг техник ҳолати ўрганиб чиқилди.

Жумладан, Самарқанд вилоятидаги 205 та кўп квартирали уйларда 507 та лифт мавжуд бўлиб, ўтган йили иккита лифт қурилмаси алмаштирилди. Жорий йилда эса 40 дона лифт ускунасини алмаштириш режалаштирилган.

Абдуғофур Шерхолов суҳбатлашди.