Интерпол Эрон томонидан Трампни “халқаро қидирув”га бериш тўғрисидаги сўровномага изоҳ берди

Эрон суди томонидан тақдим этилган, Ислом инқилоби корпуси генерали Қосим Сулаймонининг ўлимига алоқадорликда айбланаётган АҚШ Президенти Доналд Трамп ва бошқа шахсларни “халқаро қидирув”га бериш талабини кўриб чиқишга Интерполнинг ички қоидалари рухсат бермайди. Бу ҳақда РИА Новости нашрига Интерполнинг Лиондаги қароргоҳи маълум қилди.

“Интерпол конституциясининг 3-моддасига биноан ташкилотга сиёсий, ҳарбий, диний ёки ирқий масалаларга аралашиш қатъиян ман этилади. Шу сабабли Бош котибиятга шунга ўхшаш сўровномалар келиб тушадиган бўлса, конституция ва қоидаларга биноан, Интерпол бундай сўровномаларни кўриб чиқмайди”, дея таъкидлади Интерпол вакили.

29 июнь куни Эрон суди Интерполдан Сулаймони ўлимига алоқадорликда айбланган 30 дан ортиқ АҚШ ва бошқа давлат ҳарбий ва сиёсатчиларини халқаро қидирувга беришни талаб қилган эди.  Айбланаётганлар орасида АҚШ Президенти Доналд Трамп ҳам бор.