“Ипак йўли” туризм халқаро университети проректорининг дипломи сохталиги юзасидан айблов ўз исботини топмаган

2020 йил январь ойида бир қатор ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида “Ипак йўли” туризм халқаро университетининг интернационализация ва стратегик ривожланиш ишлари бўйича биринчи проректори Акбаров Азамат Анваровичнинг дипломи сохталиги юзасидан мақолалар берилган эди.

Ушбу мақолаларга кўра, Азамат Акбаров университетнинг биринчи проректорлигидан дипломи сохта бўлганлиги сабабли бўшатилди, деб иддао қилинган. Ваҳоланки, Азамат Акбаровнинг ўз хоҳишига кўра, унинг билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Ваколатли органлар томонидан олиб борилган тергов ҳаракатлари натижасида ушбу айблов ўз исботини топмаган ва бугунги кунда жиноят иши тугатилган.

Таъкидлаш лозимки, Азамат Акбаров “Ипак йўли” туризм халқаро университетида фаолият юритган даврда ушбу университетнинг фаолиятини халқаро талабларга мос равишда ташкил этиш, унинг нуфузини янада оширишга қаратилган бир қатор ижобий ишлар амалга оширилган.

Жумладан:

- университет таълим тизими ECTS - кредит тизимига ўтказилди;

- таълим дастури фанлари бўйича силлабуслар ISO9001-2015 халқаро таълим стандартига мослаштирилди;

- университетда 5 кунлик таълим ҳафтаси ҳамда унга мувофиқ 2+1 таълим тизими жорий қилинди;

- университет фаолиятида талабалар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида университет қошида «Students Parliament» ташкил этилди;

- университет томонидан тайёрланаётган мутахассисларга нисбатан талабларни тўғри шакллантириш мақсадида университет қошида «Иш берувчилар кенгаши» ташкил қилинди;

- академик семестр давомида талабалар эътиборига бештагача фан тақдим этилиб, танлов фанлар сифатида талабаларнинг энг кўп миқдори томонидан белгиланган фанлар сараланиши белгиланди;

- университет таълим тизимида фаолият юритаётган профессор-ўқитувчилар ва ходимларнинг меҳнат фаолияти KPI эффективлик кўрсаткичи бўйича баҳоланиши таъминланди;

- университет ходимларининг илмий мақола ва материалларининг Scopus, Web of Science каби рефератив-библиографик маълумотлар базасида киритилган журналларда нашр этиш учун рағбатлантириш тизими яратилди;

- талабалар томонидан хорижий тилларни ўзлаштириш даражасини ошириш мақсадида “ўқиш-ёзиш-тинглаш-гапириш йўналишларида” амалий кўникмаларни ўргатиш бўйича хорижий мутахассислар жалб этиш тизими шакллантирилди;

- инглиз, рус ва хитой тилларини пухта ўзлаштириш учун университет бинолари ичида жонли нутқ ҳудудлари ва “тил-маданият-тамаддун” кўнгиллилар тўгараги ва жамиятларнинг фаолиятини йўлга қўйиш ишлари бошланган.

Хуллас, ҳақ ўз ўрнини топди.