Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Иқтисодчи муаммо қўяди: Кластерлаш жараёнидаги нуқсонлар бартараф этилсагина, иқтисодий барқарорликка эришиш мумкин

Иқтисодий таҳлиллар шундан далолат берадики, бир гектар суғориладиган ердан катта даромадни помидор экиш ҳисобига олиш мумкин экан. Бунинг учун деҳқон уруғлик сотиб олиш, кўчат тайёрлаш, кимёвий ўғитлар, техника, ёқилғи, электр энергиясига тахминан 15 миллион сўм сарфлайди. 45-50 минг туп кўчат қўл билан экилади ва бунинг учун иш ҳақи сифатида 6 миллион сўм сарфланади.

Дейлик, маҳсулот тайёр бўлгандан кейин теримга четдан ёлланадиган ишчиларга 6 миллион сўм тўлайди. Тижорат банкининг 25 миллион сўмлик кредити учун камида 5 миллион сўм фоиз тўлашига тўғри келади. Ер солиғини қўшсак, бир гектарга амалга ошириладиган жами ишлаб чиқариш харажатлари 35 миллион сўмга тушади.

Тажрибали деҳқонларнинг омади келиб, табиат инжиқликларидан катта зарар кўрмасдан, экинларни касалликдан асрай олган тақдирда ҳам ер бирлигининг ҳосилдорлиги 50 тоннага етади. Айтайлик, 25 тонна маҳсулот қайта ишлаш корхонасига жўнатилди. Бир килограмм помидор 800 сўмдан қабул қилинган тақдирда, даромад 20 миллион сўмни ташкил этади. Унинг 3 миллион сўми қўшилган қиймат солиғи ва 1,5 миллион сўми транспорт харажатларига кетади. Қолган 25 тонна маҳсулот бозорда эркин нархларда сотилади ва бундан қўлга киритиладиган даромад 50 миллион сўмга етади. Умуман олганда, бир гектардан олинадиган жами даромад 70 миллион сўм, жами харажатлар эса 45 миллион сўм бўлади. Фойда солиғи тўланганидан кейин агрономга маслаҳат учун, бухгалтерга ҳисобот учун тўловларни амалга ошириб бўлгач, деҳқон ихтиёрида кўпи билан 20 миллион сўм соф фойда қолиши мумкин.

Мавсум давомида қўлга киритилган ушбу молиявий натижа деҳқон ва унинг 5-6 кишидан иборат оила аъзоларига янги ҳосилгача, яъни 9 ой давомида рўзғор тебратиш учун ҳаётий манба бўлиб хизмат қилади. Албатта, бу жуда кам, яъни фақат овқатланиш ва коммунал тўловларни амалга ошириш учун етадиган маблағ. 

Эътиборли жиҳати, помидорни ишлаб чиқариш корхоналари бундан юқорироқ нархларда сотиб ололмайди. Нега деганда тайёр маҳсулот қимматга тушади ва халқаро бозорларда рақобатга дош бера олмайди. Аҳоли учун ҳам очиқ майдонда етиштирилган бир килограмм помидор 2 минг сўмдан қиммат бўлиши нотўғри.

Айниқса, қишлоқ аҳолисининг турмуш фаровонлиги аграр соҳанинг нечоғлик самарали фаолияти билан боғлиқ. Агар энг сердаромад экинлардан бирининг натижадорлиги шу ҳолда бўлса, демак, камбағалчиликни қисқартириш жараёни ҳам шунга монанд бўлади.

Фикримча, ушбу соҳанинг самарадорлигига, биринчидан, аграр технологияларнинг катта қисми қўл меҳнатига асосланганлиги, мева-сабзавотчилик соҳаларида механизациялаш даражасининг пастлиги салбий таъсир кўрсатмоқда.

Иккинчидан, хўжалик механизми, яъни кредитлаш, солиққа тортиш, моддий-техник таъминот замон талабига жавоб бермайди, замонавий технологияларни жорий этишдан, экспортни амалга оширишдан моддий манфаатдорлик тамойиллари етарли даражада йўлга қўйилмаган.

Мамлакатимиз ҳудудлари бўйича экинларни жойлаштириш маркетинг фанига таяниб эмас, балки кўпроқ марказлашган ҳолда ва маъмурий йўл билан амалга оширилади.

Суғориладиган ерларнинг фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар ва деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликлари ўртасида тақсимланишида катта номутаносиблик мавжуд. Бу ҳолатни бартараф этишга ерларни аукцион орқали сотиш билан боғлиқ бўлган жараёнлар такомиллашмаган.

Ушбу муаммолар ўз ечимини топган тақдирдагина мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий ҳолат яхши томонга ўзгариши, озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари ва ишсизлик даражаси пасайиши мумкин.

Энди қайд этилган рақамларни пахта етиштиришдан қўлга киритиладиган даромад билан солиштириб кўрамиз.

Статистик маълумотларга кўра, охирги йилларда пахтанинг ўртача ҳосилдорлиги 25 центнерни, харид нархи эса 6 миллион сўмни (ҚҚСсиз) ташкил этмоқда. Кўриниб турибдики, бир гектар пахта майдонининг даромади 15 миллион сўмга тенг. Пахта хомашёси қайта ишланиб, ип сифатида сотилган тақдирда, ялпи даромад 30 миллион сўмга етади. Бунинг учун катта инвестицион ресурслар талаб этилади. Афсуски, амалда пахтанинг 70 фоизи айнан ип-калава сифатида экспорт қилинади ва шундан келиб чиқиб, бирламчи бўғин ишлаб чиқарувчиларини рағбатлантириш имконияти жуда чекланган. Соҳага илғор суғориш технологияларини жорий этишнинг пастлиги ҳам шундан келиб чиқади. Тўқимачилик кластерлари ўзининг молиявий ҳолатини тушириб юбормаслик учун пахтадан олинадиган иккиламчи маҳсулотлар - пахта ёғи ва чорва озуқасини имкони борича қимматроқ сотишга интилади. Бу инфляцион жараёнларнинг жадаллашишига хизмат қилувчи омил.

Пахта майдонларидан олинадиган соф фойдани кўпайтиришнинг асосий йўли - бу уни ип сифатида эмас, балки тайёр трикотаж маҳсулоти сифатида экспорт қилиш. Аммо амалда бундай бўлаётгани йўқ. Нега деганда, кластерларнинг саноқли қисмигина кучли молиявий менежмент, инжиниринг ва маркетинг хизматларига эга. Узоқ йиллар давомида жаҳон бозорида шаклланган бозор муносабатларига мослаша олмасдан келаётганимиз ҳеч кимга сир эмас. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, компанияларимиз рақобатбардошлик нуқтаи назаридан Туркия, Хитой, Бангладеш, Вьетнам каби мамлакатлардан орқада қолиб кетган ва кластерлаш тизимига ўтганимиздан кейин ҳам бу борада сезиларли натижаларга эриша олмаяпмиз.

Бу борада самарадорликка эришиш учун хомашё етиштиришни қисқартириб, чекланган молиявий ресурсларни қайта ишлаш ва қўшилган қиймат занжирини кенгайтиришга йўналтириш мақсадга мувофиқ. Ип-калава экспортини кўпайтириш билан рентабеллик кўрсаткичида кескин ўзгариш юз бермаётгани яққол кўзга ташланиб турибди. Ваҳоланки, бундай ёндашув фақат хорижий рақобатчи компаниялар манфаатига хизмат қилади. Бу эса ўзимизга ўзимиз зарар келтираётганимизни билдиради. Халқаро маркетинг тадқиқотларига каттароқ маблағ сарфлаш, бунинг учун тўқимачилик соҳасида ихтисослашган кучли халқаро компаниялар хизматидан фойдаланиш, мамлакатимиз иқтисодий фаолиятидаги энг долзарб вазифалардан биридир. Фақат шу йўл билан инвестицион фаолиятни, қўшилган қиймат занжирини кенгайтириш ва самарадорликка эришиш мумкин.

Тасаввур қилинг, пахта республикамиз экин майдонларининг 1 миллион гектардан зиёдини, яъни тўртдан бир қисмини эгаллайди. Агар тўқимачилик соҳасида туб ислоҳотлар, жумладан, кластерлаш жараёнида мавжуд нуқсон ва камчиликлар зудлик билан бартараф этилмаса, мамлакатимиз иқтисодиётида барқарорликка эришиш, бандлик ва инфляцияни жиловлашдек муҳим масалалар ечимида ижобий натижаларга эришиш амримаҳол.

Илҳом Вафоев, иқтисодчи.