Ишчи-ходимлар бўш вақтини спортга ажратмоқда
Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд вилоят бирлашган қўмитаси тизимидаги бошланғич ташкилотлар ходимлари ўртасида “11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни” муносабати билан ташкил этилган спартакиаданинг вилоят босқичи ўтказилди.
Унда корхона ва ташкилотлар ходимлари мини футбол, стол тенниси, шахмат ва шашка, волейбол бўйича шаҳар ва туманларда ғолиб бўлган жамоалар беллашди.
Мусобақа якунига кўра, мини футбол бўйича Қўшработ туман болалар-ўсмирлар спорт мактаби жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Волейбол беллашуви якунида Пахтачи туман болалар-ўсмирлар спорт мактаби жамоасига тенг келадигани топилмади.
Стол тенниси бўйича Спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича иқтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби ходими Ихтиёр Аминов ҳамда мазкур мактаб ходими Шаҳодат Тўхтаева барча рақибларидан маҳоратли эканликларини кўрсатди.
Шахмат беллашувида Спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича иқтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби ходими Жасур Мамаюсупов ҳамда Пахтачи туман болалар-ўсмирлар спорт мактаби ходими Мафтуна Орзиқулова мутлақ ғолиб бўлган бўлса, шашка баҳсида биринчи ўринни Спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби ходими Амрилло Абдуллаев ва Тойлоқ туман болалар-ўсмирлар спорт мактаби ходими Мунира Бобоева эгаллади.
Ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Ғолиб бўлганлар шу йилнинг октябрь ойида ўтказиладиган мусобақанинг минтақавий босқичида ўз маҳоратларини синовдан ўтказишади. Унда ҳам ғолиб бўлганлар 5-6 ноябрь кунлари Тошкет вилоятининг Бўстонлиқ туманида бўлиб ўтадиган спартакиаданинг республика босқичида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритади.
Ҳусан ЭЛТОЕВ.