Иштихонда 743 та номсиз кўчаларга ном берилди
Иштихон туманида давлат тили қоидаларига риоя этишга доир масалалар юзасидан мавжуд географик объектлар тўлиқ хатловдан ўтказилди. Хатлов натижаларига кўра, туман бўйича 1081 та географик объектларнинг рўйхати шакллантирилди.
- Жорий йилнинг 9 ойи давомида туман бўйича 743 та номсиз кўчалар қонунчиликда белгиланган тартибда номланиб, туман кенгашининг қарори билан тасдиқланди, - дейди туман ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Сирожиддин Мирзаев. - Еттита бир ҳудуд доирасида такрорланадиган кўчаларнинг бештаси бошқа номларга ўзгатирилди. Қонун талабларига жавоб бермайдиган 3 та кўчанинг номи аҳоли билан келишилган ҳолда бошқача номланди.
Бундан ташқари, туманда 921 та қишлоқ, маҳалла, аҳоли пункти, кўча, майдон, хиёбонларнинг номи ёзилган пешлавҳалар йўқлиги аниқланди. Шундан 327 тасига лотин алифбосига асосланган ўзбек тилида пешлавҳалар ўрнатилди.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.