Исломда миллат ажратиш жоҳиллик саналади

Шукрлар бўлсинки, бугун юртимиздаги 34 миллиондан зиёд халқимиз тинчлик, осойишталикда ҳаёт кечирмоқда. Албатта, бунинг асосий негизи миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенгликка бориб туташади.

130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари аҳил иноқликда, шу юртнинг эртаси учун камарбаста бўлиб яшаётганлиги ҳар биримизнинг кўзимизни қувнатмоқда.

Шундай экан, юртнинг эртаси, фарзандларимизнинг иқболини ўйлаган ҳар бир шахс доимо огоҳ ва ҳушёр туришлиги ҳам муҳим. Дунё саҳнида инсоният бино бўлибдики, унинг ҳаёти доимо бир текисда кечмайди. Балки турли қарама-қаршилик, зиддиятлардан иборатдир. Бугун кўпгина жамиятлар учун асосий хавф-хатар миллий ва диний низонинг пайдо қилинишидир.

Муқаддас динимизда миллат ажратиш жоҳиллик деб қаралади. Ислом тарихига назар ташласак, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг атрофидаги саҳобаларининг ичида ҳам турли миллатга мансуб кишилар бўлганлиги, у зот доимо бошқа эътиқод вакиллари бўлмиш яҳудий, насроний хатто буд санамларга сиғинадиган қатлам билан ҳам кенгашиб яшаганликлари маълум ва машҳурдир.

Чунки Аллоҳ таоло қуръони каримда шундай хитоб қилган: “Эй инсонлар! Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳаво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот сураси, 13-оят).

Диққат билан эътибор берсак ушбу муборак ояти каримада Аллоҳ таоло бутун бошли инсониятга хитоб ўлароқ, уларнинг барчасининг ота-онаси бир эканлигини эслатиш билан бошламоқда. Бунда инсонларнинг турли эътиқод ва миллатдан иборат бўлиб яшашликлари илоҳий тақсимот бўлиб, асло уруш жанжал чиқариш учун эмаслиги баён этилмоқда.

Дарҳақиқат, айрим тушунчаси тор кишилар фикрлаганидек ҳамма бир хил эътиқод, бир хил қиёфа, бир хил сўзлашувда яшаганда инсоният ҳаётида мазмун қолмас эди.

Бугунги кунда ер юзининг сайқали бўлиб чирой очиб турган Самарқанд заминига мусумон қўмондон Қутайба ибн Муслим ноанъанавий услубда кириб келгач, Самарқанд аҳли ўша даврдаги мусулмонларнинг пешвоси бўлмиш Дамашқдаги Умар ибн Абдулазизнинг ҳузурига адолат истаб чопар юборишади. Вазиятни синчковлик билан ўрганган Умар ибн Абдулазиз чопардан Қутайба ибн Муслим учун уч кун ичида Самарқандни тарк этиши лозимлиги тўғрисидаги мактубни бериб юборадилар. Қутайба ибн Муслим эса мактубни очиб кўриши биланоқ айбига иқрор бўлиб шаҳарни тарк этади. Аввал бошда кўзларига ёвуз душман сифатида кўриниб, қалбларида қўрқув пайдо бўлган Самарқанд аҳли исломнинг бу вакилларини яхши кўра бошлайди. Чунки улар ҳаётлари давомида бу каби самимий, меҳрибон, камтарин, хушмуомала энг асосийси адолатли кишиларни кўрмаган эди. Энди эса Самарқанд аҳли ўз ихтиёри билан Ислом динини тўп тўп бўлиб қабул қила бошлади. Биз исломий бағрикенгликка оид бу каби кўплаб жонли мисолларни келтиришимиз мумкин.

Энг асосийси, бугун халқимизга, ёш авлодга маърифат кенг тарқатиш ҳар биримизнинг муҳим бурчимиздир.

Ўткир Умирқулов,

Самарқанд шаҳар «Лоҳутий» жоме масжиди имом-хатиби.