Исломда тинчлик тушунчаси ва бошқа дин вакиллари билан муносабатда унинг устуворлиги нимада?
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан тайёрланган “Ислом динида тинчлик” китобида бу саволларга батафсил жавоб олиш мумкин
Ушбу китобнинг илк тақдимоти Термиз шаҳрида ўтказилди. Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ходимлари ва талабалари иштирокида ташкил этилган тадбирда рисоланинг бугунги кун нуқтаи назаридан юксак ижтимоий-маънавий қиймати ҳақида сўз борди.
Тақдимот иштирокчилари энг олий неъмат – тинчликнинг қадрига етиш, уни асраб-авайлаш ҳар бир инсон зиммасидаги бурч эканидан келиб чиқиб, исломнинг тинчлик ва инсонпарварлик ғояларини кенг тарғиб қилиш, юртимиздаги осойишталикни янада мустаҳкамлаб, халқимиз маънавиятини юксалтиришда мазкур рисоланинг жамият учун нечоғли юқори аҳамият касб этишини таъкидлади.
Китобда исломда тинчлик тушунчаси, бағрикенглик ва тинчликка тарғиб, бошқа дин вакиллари билан муносабатда тинчликнинг устуворлиги, тинчлик моҳиятини англашнинг талаблари, афзалликлари ва бошқа муҳим мавзулар кенг ёритилган. Рисоланинг хулоса қисмида замонавий жамиятда тинчликни қарор топтириш ва мустаҳкамлашнинг зарурий тамойиллари кўрсатилган.
Мазкур рисола исломнинг асл моҳиятини, инсонпарварлик ғояларини яхшироқ англашга хизмат қилади.