Испания хориждан келадиган сайёҳлар учун “хавфсиз йўлак” ташкил этишни режалаштирмоқда

Испаниянинг Экологик ўзгаришлар вазири Тереса Рибера ҳукумат хориждан ташриф буюрувчи сайёҳлар учун “хавфсиз йўлак” ташкил этиш имкониятларини излаётганлиги ҳақида сўз юритди.

“Биз бир ёки икки ҳафта давомида коронавирус билан касалланиш даражаси учдан бир қисмига камайган ҳудудлардан ташриф буюрувчи сайёҳлар учун хавфсиз йўлаклар ташкиллаштириш ҳақида ўйлаяпмиз”, деди у Financial Times нашрига берган интервьюсида.

Олдинроқ мамлакатнинг Транспорт вазири Хосе Луис Абалос Испания июнь ойининг охиридан бошлаб хорижий сайёҳларни қабул қилишни бошлаши мумкинлиги ҳақида маълум қилган эди.

Айни вақтда Испанияда чет эл фуқароларининг киришига қатъий чекловлар қўйилган. Мамлакатга фақат форс-мажор ҳолатидаги одамлар, дипломатлар ва чегара ҳудудида ишлайдиган одамлар кириши мумкин. Шу билан бирга, бошқа давлатлардан келган фуқаролар икки ҳафталик карантинга олинади.

Испания Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Аранча Гонсалем Лайя жума куни туризм соҳасининг мамлакат иқтисодиёти учун ўта муҳим эканлигини ва коронавирус тарқалишини назоратга олган ҳолда, иложи борича тезроқ меҳмонларни қабул қилишни бошлашга интилаётганликларини таъкидлади.