Истиҳола ноёб бўлдими?

Айтишларича, академик Тошмуҳаммад Қори Ниёзий аёлининг кўзига ҳеч маҳал тик қараб гапирмаган экан. Самарқандда академик Ботурхон Валихўжаев, профессорлар Сайдулла Мирзаев, Раҳмонқул Орзибеков турмуш ўртоғига шундай муносабатда бўлганини ўзим кўрганман.

Отам бобомнинг олдида ҳеч қачон оёқ узатиб ўтирмасди. Мен ҳам шундай қилардим. Ақлли раҳбарлар қариндоши, айниқса, оила аъзоларини ишга олишдан ҳайиқарди. Меҳмонликка борганда бошқаларга қараб дастурхонга қўл узатардик. Ҳомиладор ёки азалик аёлларга ҳазил қилишдан тортинардик.

Чунки истиҳола қилардик. Чунки ота-онамиз шу одатга ўргатишганди.

Истиҳола, назаримда, бировни аяш, ҳурмат қилишдан кўра, кўпроқ уни бошдан кечирган киши сабрини, оқиллигини кўрсатишга ўхшаб кетади. Истиҳола қилган инсон, энг аввало, ўзининг эзгу фазилатини намойиш этади. Истиҳолани ибрат, маданият, деб тушунаман. Аммо...

Бир куни ҳузуримга ёши етмишдан ошган қария арз билан келди:

- Ўғлим уйдан чиқараман, деяпти...

- Акам билан фермер хўжаликларимизни бирлаштиргандик. Энди у мени ерга киритмаяпти, - деб нолийди ягона даромад манбаидан ажралган йигит.

- Қизим билан куёвим тил бириктириб, мулкимни олиш учун ҳар куни порталга устимдан ёзади, - деди муштипар отахон.

Менинг эса юрагим оғрийди. Тўғри, ҳар бир низони қонуний ҳал қилиш мумкин, аммо инсон кўнглининг ўртасига тушиб, истиҳолани ўргатиб бўлармикан?

Халқ орасида “истиҳола қилдим”, “истиҳола тортдим”, “истиҳола билан бор гапни айта олмадим”, “истиҳолага бордим” деган иборалар мавжуд. Луғатда эса араб тилидан олинган бу сўз андиша, андишали мулоҳаза ҳисси, тортиниш маъносини англатади, дейилган.

Бу ҳам етмаганидек, айримлар давлат бюджетини “туя” қилишда, ночорларга аталган маблағни ўзлаштиришда истиҳолани унутиб қўймоқда. Нега шундай бўляпти? Бу саволга аниқ жавоб излаш, топиш мавриди келди.

Истиҳола қўрқоқлик ёки ожизлик белгиси эмас. Аксинча, у инсоннинг юксак маънавиятини, сабру қаноатини намойиш этади. Чунки қарама-қарши фикрни, эътирозни бировга маданиятли, кўнгилга тегмайдиган қилиб етказиш ҳамманинг қўлидан келавермайди.

Кимдир сизни хафа қилдими? Кимгадир унинг камчилигини айтмоқчимисиз? Унда, шошилманг, гапингизни обдон ўйлаб кўринг. Битта иллатни айтиб овоза соладиганлардан, ўзини адолатпеша, давр қаҳрамони деб ҳисоблаётганлардан ибрат олманг. Ота-она, ака-ука, ёши улуғ ва болаларнинг кўнглини оғритадиган, нафсониятига тегадиган гаплардан тийилинг. Фикрингизни самимий, босиқлик билан изҳор этинг. Сиздаги истакнинг ҳаммаси ҳам адолат бўлавермайди. Ўзини мутлақ ҳақ деб билган кишида истиҳола бўлмайди.

Истиҳолали бўлайлик!

Фармон Тошев.