Италияда Ўзбекистоннинг бир қатор шаҳарлари, жумладан, Самарқанднинг туристик тақдимот бўлиб ўтди
Тақдимот Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси томонидан мамлакатимизнинг Тоскана ва Умбрия вилоятларидаги Фахрий консуллиги ҳамда Италиянинг «Adventus Tour» компанияси ҳамкорлигида ўтказилган.
Унда 60 га яқин туристик агентлик вакиллари иштирок этган. Тақдимотда Ўзбекистон элчиси Абат Файзуллаев тингловчиларнинг эътиборини Ўзбекистоннинг маданий ва илмий алмашинувларни ривожлантиришга қаратилган халқаро жараёнлар ва ташаббусларнинг тарғиботчиси сифатидаги тобора ошиб бораётган ролига қаратди. Ушбу саъй-ҳаракатлар октябрь ойида Ўзбекистонда Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеясининг 25-сессияси ўтказилиши, шунингдек, ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясини 2025 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиш қарорида ўз тасдиғини топди.
Тадбирда 2023 йилда Италиядан Ўзбекистонга сайёҳлар сони уч баравар кўпайиб, 23 минг кишидан ошгани ҳам қайд этилди.
"Мирзо Улуғбек" миллий-маданий марказининг директори Комила Киргизова италиялик меҳмонларни Ўзбекистоннинг бой маданий-тарихий мероси, дунёнинг турли бурчакларидан келадиган сайёҳларнинг қизиқишини уйғотадиган ва эътиборини тортадиган кўҳна марказлар – Самарқанд, Бухоро ва Хива билан таништирди.
Италиянинг «Adventus Tour» компанияси раҳбари компания ҳар йили Ўзбекистоннинг сайёҳлик йўналишлари бўйлаб мингга яқин Италия фуқароларини юборишини маълум қилиб, сайёҳлар орасида ушбу йўналиш юқори талабга эгалиги ва шу сабабли "Uzbekistan Airways"нинг тўғридан-тўғри рейсларига авиачипталар бир неча ой олдин бронь қилинишини алоҳида таъкидлади.
Тадбирда Ўзбекистонга ташриф буюрган Италия фуқаролари ҳам сўзга чиқдилар. Италиялик меҳмонлар мамлакатимизнинг маданий-меъморий жозибадорлиги, маҳаллий аҳолининг меҳмондўстлиги, Ўзбекистондаги яшаш ва ҳаракатланиш учун қулай шароитларни юқори баҳолаб, бир овоздан фикр билдиришди.
Тадбирда иштирок этган Италия компаниялари тақдимот давомида Ўзбекистон имкониятлари ҳақида батафсил маълумотга эга бўлганлари, мамлакатимиз йўналишида сайёҳлар гуруҳларининг мунтазам сафарларини йўлга қўйишга қизиқишларини билдирдилар, дея хабар беради Дунё АА.