Жадид боболаримиз ўзбек тилини сақлаб қолишга қандай уринган?

Ўзбек адабий тилининг тараққиёт даври кўп аср илгари бошланган экан, ўтган вақт давомида неча марталаб ҳужумга, камситилишларга дуч келганлиги тарихдан маълум. Ўзбек халқи ўзининг узоқ тарихига эга бўлишига қарамай, ўзбек тили XX асрнинг бошларигача турк, усмонли, сарт, чиғатой, туркистонли атамалари билан юритиб келинган.

XIX аср охири XX аср бошларида Марказий Осиёнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида юксак ўрин тутган сиймолардан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистонда яшовчи миллат ёки элатларнинг умумий фикр алмашиш ва мулоқот воситаси, муҳим ривожланиш омили бўлган тилларни тараққий эттириш масаласига алоҳида эътибор берди. У Туркистонда туркий тилни расмий идора тили сифатида қабул қилиш зарурлиги хусусида 1908 йилда рус маъмурларига мурожаат этади: “Туркистоннинг мусулмон аҳолиси, асосан туркийда сўзлашади. Жанубий туманларда эса юз мингга яқин форсийгўй аҳоли бор. Шунга қарамай улар ҳам туркий тилини яхши биладилар. Туркистонлилар ўртасида ташқи кўриниши, дини ва тилида фарқ йўқ...”

Орадан ўн йил ўтгандан сўнг, яъни 1918 йилда Беҳбудий шу масалани янги маъмурлар олдига қўйиб, Туркистонда туркий тиллар ичида ўзига хос нуфузга эга бўлган ўзбек тили давлат тили сифатида тан олинишини таклиф қилади.

Абдулла Авлоний Туркистонда педагогика отаси сифатида тан олинган адиб, ношир, драматург, жадид адабиётининг ёрқин намояндаси 1921 йилда чоп этилган “Ҳифзи лисон” мақоласида ҳар бир киши сўзни тўғри танлай билиши ва ўз ўрнида ишлата олиши лозимлигини таъкидлайди. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг: “Эрларда жамол лисон ва тилдур”, деган сўзларига риоя қилишни таъкидлайди. “Миллий тилни йўқотмак миллат руҳини йўқотмакдур. Ҳайҳот! Биз туркистонлилар миллий тилни сақламак бир тарафда турсун, кундан-кун унутмак ва йўқотмакдадурмиз. Тилимизнинг ярмига араб, форсий улангани камлик қилуб, бир четига рус тилини ҳам ёпишдурмакдадурмиз... Зиғир ёғи солуб мошкичири каби қилуб, аралаш-қуралаш қилмак тилнинг руҳини бузадур” деб ёзган эди.

Чўлпон бадиий адабиётнинг вазифаси халқни жаҳолат уйқусидан уйғотиш, жамият тараққиётига ва инсон баркамоллигига халақит берувчи иллатлардан халос бўлиш руҳий, маънавий фориғланишдан иборат, деб ҳисоблайди. У “Садои Туркистон” газетасининг 1914 йил 15-сонида босилган “Адабиёт надур?” мақоласида: “Бас, масала бу тариқ экондур, ҳаётимизнинг бетўхтов ҳаракат қилиб турмоғи учун сув, ҳаво нақадар зарур бўлса, кундалик маишатимиз йўлида руҳимиз ва вужудимизни заҳматкаш фалакнинг қора кирлари, аччиқ қурумларидан ювиб турмоқ учун адабиёт шу қадар зарурдир”, дейди.

Абдурауф Фитрат “Тилимиз” мақоласи орқали ўзбек тилининг фаол тарғиботчиси ва ҳимоячиси сифатида кўринади. Битта “бил” ўзагидан 98 та сўз ясаш мумкинлигини ва туркий тилнинг сўз бойлиги форс, араб тилларига нисбатан кўпроқ эканлигини таъкидлайди: “Араб, форс, рус, немис, француз тилларидан қай бирининг сарф китобларини олиб қарасак, кўрамизки, бир сўзни ясамоқ учун бир қанча ёзилғон, ундан сўнг шул қоидадан ташқари қолғон (мустасно) сўзлар деб тўрт-беш сўз кўрсатилган. Турк сўзларида эса бундай сўз топилмайдир... Тилимизнинг авжй тўғрисида ҳам бойлиги, тугаллиги билиндими? Энди сўзни туркчанинг бахтсизлигига кўчираман. Турк тили шунча бойлиги, шунча тугаллиги билан бахтсизликдан қутула олмамишдир. Турк тили дунёнинг энг бахтсиз тилидир”.

Туркчани билмас экансиз ўрганинг. Ҳозирги сўзларимиздаги арабча, форсчалардан бир нечаси учун туркча топилмайдир, десангиз тўғридир. Биз ҳам уларни чиқармоқчи эмасмиз. Унларни олурмиз, лекин ўзимизники қилурмиз. Туркчалаштирурмиз», деб ёзади жадид бобомиз.

Буюк маърифатпарвар жадид, адиб Абдулла Қодирий таъкидига кўра, хонлик даври энг чигал “тарихимизнинг энг қора ва кирлик кунлари”, ҳатто ўзбек адабий тилига ҳам салбий таъсирини қолдирган давр сифатида намоён бўлади. XIX аср охири XX аср бошларида Туркистонда рўй берган миллий инқилоб саркардаларининг олий мақсади ҳам, интилиши ҳам, жонфидоликлари ҳам ана шу миллий тил, миллий ғурурни сақлаб қолиш, асрашдан иборат бўлган.

Ўзбек тили ўзбек миллатининг узоқ тарихий илдизларига, ўз сиёсий-ҳуқуқий асосларига эга муқаддас қадрияти, улкан маънавий ютуғидир. Бугунги тараққиётига қадар шонли ва шарафли йўлларни босиб, кескин ва шиддатли тўфонларни енгиб келаётган миллий тилимиз давлат мақомида янада улуғвор ва устуворлигини намоён қилмоқда.

Дилафрўз РАҲМАТОВА,

Самарқанд давлат чет тиллар

институти ўқитувчиси.