Жаҳон санъати намояндалари: Афсонага айланган Чаплин
Шундай одамлар борки, қаҳрамон деб ҳам айтолмайсан, буюк деб айтиш ҳам хаёлинга келмайди. Бироқ уларнинг тақдири, ҳаёт фаолияти бизни доим яшашга илҳомлантириб туради. Кичкинагина одамча - Чарли Чаплин қайсидир хислати билан ҳар биримизга ўхшайди. Шунинг учун бўлса керак унинг роллари ҳозиргача жаҳонда севимли. Улуғ актёр 88 йил умр кечирди. Биз ундан нималарни ўрганишимиз мумкин? «МН» (2021 йил, 34-сон) шу ҳақда ҳикоя қилади.
Чарли 1889 йилда Лондонда бадавлат бўлмаган актёрлар оиласида дунёга келди. Отаси уйдан кетиб қолганида у атиги бир ёшда эди. Бир неча йилдан кейин цирк артисти бўлган онаси руҳий хасталиклар касалхонасига ётқизилади. Қаровчисиз қолган Чарли ва акасини етимхонага жўнатишади.
Кейинчалик 8 ёшда Чарли газета сотади, босмахонада ишлайди. Бадавлат бўлиш учун чўчқачилик билан шуғулланишни орзу қилади. Бироқ тақдир унга бошқа масъулиятли, шарафли, машаққатли йўлни раво кўради.
Ҳали ўн ёшга тўлмасдан, ансамблда зилдай чориқни кийиб, рақсга тушди. Сўнгра Ф.Карно театрига – циркка ишга кирди. Бу ерда кунига оладиган икки пенс бир бурда нонга зўрға етарди. 16 ёшда циркда ҳафтада унга уч фунт тўлай бошлашди.
Ўзи билмаган ҳолда у танилиб борарди. Америкада сафарда бўлганида кинода иштирок этди. Аммо машҳур Чарли образи – катта иштон, кичик шляпа, йиртиқ ботинка, қўлда ҳасса, ўзига хос ҳаракат ва кулгили қадам кейинчали ўнлаб қисқаметражли ленталарда дунёга тарқалди. 1918 йилда Чарли кино санъатининг энг машҳур арбобларидан бирига айланди. 1919 йилда “United Arited” кино компанияси унга муассислик қилди. Бу унга ўз фильмларини тўлиқ назорат қилиш имкониятини берарди.
Иккинчи жаҳон уруши йилларида у фашистларга қарши мақолалар ёзди. Фронтга отланган аскарлар олдида нутқ сўзлади. 1952 йилда Чарли оиласи билан Англияга сафарга келди. Океанда сузиб келар экан, актёр АҚШга қайтиш ҳуқуқидан маҳрум бўлганини англади. Қолган умрини Швейцарияда ўтказди.
«Америкадан ҳазар қиламан, агар Исо пайғамбар президент бўлганида ҳам мен у ерга қайтиб бормасдим», деганди у. Унинг бундай дейишига сабаб, 1957 йилда суратга олинган «Қирол Нью-Йоркда» комедиясида ўз қироллигидан қувилган Қирол Шедов образини яратган эди. Фильмни АҚШда намойиш қилиш тақиқланди. Унда американча ҳаёт рўй-рост фош этилган эди.
Чаплиннинг ҳар бир фильмида бундай қараганда ҳаётий «Гонконглик графиня» комедияси бўлиб, Софи Лорн ва Марлан Бранда иштирокида яратилган. Чаплин 1971 йилда Канн фестивали, 1972 йилда Венеция кинофестиваллари ва «Оскар» совринларига сазовор бўлган. Чарли Чаплин тўрт марта уйланган, 12 фарзанд кўрган. У 1977 йил 25 декабрда вафот этди. У яратган ва бош ролларда ўйнаган ўнлаб фильмлар юксак кино санъати намунаси сифатида бугун ҳам кино мухлислари томонидан севиб томоша қилинмоқда.
Т.ШОМУРОДОВ тайёрлади.