Жаҳоннинг янги бозори
Тараққиёт асрида яшаяпмиз. Ҳамма соҳада кун сайин ўзгариш. Шу жумладан, мода-кийиниш урфида ҳам. Бугун янги урфда кийинишга улгурмай, эртага янгиси пайдо бўлиб турибди.
Ҳаммамиз янгича кийинишни истаймиз. Хўш, эскисини нима қиламиз? Уларнинг кўпчилиги бир-икки марта кийилган демасангиз, ҳали яп-янги. Чиқитга ташлаб юбориш увол-ку! Дунёда ҳукм сураётган пандемия даврида эски-тускиларга, эҳтиёж туғилди, деб ёзади “Мир новостей” (2021 й. 11-сон) газетаси.
Жуда кўп мамлакатларда ҳатто олис бурчаклардаги провинциал шаҳарларда “Эски-туски” дўконлар пайдо бўлди. Ишсизлик, карантин чоралари туфайли қийналган одамлар энди илгари ёнига ҳам йўламаган бундай дўконларга тобора кўпроқ киряпти. Замонавий бу дўконларда кепкадан тортиб, қишки пальто, куртка, плаш, бошқа ҳали оҳори тўкилмаган, ҳатто мода кийим-кечакларни арзон нархда харид қилиш мумкин. Ҳозирда Америка, Европада кам таъминланган, камбағал одамлар эски-туски кийимларни бундай дўконлардан сотиб олиб кийишни ор билишмайди.
Номи “эски-туски” бўлса-да, бу дўконлар кенг ва ёруғ, кийим-кечаклар, буюмлар дид билан осиб қўйилган.
Дўконни айланиб чиққач, истасангиз бир чашка қаҳва ичиб дам олишингиз мумкин. Дўконларда ноёб, қачонлардир урф бўлган, ҳали янгилигича турган ва нусхаси бошқа учрамайдиган буюмлар, кийимлар бор.
Энг муҳими, бундай дўконлар доруламон даврларда ҳавас билан сотиб олинган, аммо кийишга эҳтиёж бўлмаган оилаларда шкафларда чанг босиб ётган ортиқча буюмлардан халос қилса, қашшоқлик гирдобига тушиб қолган юпун фуқароларни муҳтожликдан қутқаришга, машаққат билан топиладиган оила бюджетини тежашга ёрдам бермоқда.
Т.Шомуродов тайёрлади.