Жамоат транспорти янги тўлов тизимига ўтди
2025 йилнинг илк кунлариданоқ Самарқанд шаҳар жамоат транспортида ўзгаришлар кўзга ташланди. Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг “Яшил шаҳарлар” лойиҳаси доирасида келтирилган 100 та электробуснинг барчаси йўналишларга чиқа бошлади. Шу пайтгача брутто шартномаси асосида 8 та йўналишда 50 га яқин жамоат транспорти ҳаракатланган бўлса, эндиликда йўналишлар сони 12 тага, транспортлар эса 150 тага етказилади.
- Самарқанд шаҳар транспорт ва йўл инфратузилмасини ривожлантириш режасига асосан, шаҳарда 43 та йўналишдаги жамоат транспорти брутто шартномасига ўтказилади, - дейди вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи Равшан Тожиев. – Ҳозирда электробуслар эркин ҳаракатланиши учун кенг ва равон йўналишлар аниқланиб, махсус йўлаклар ташкил этилмоқда. Шунингдек, улар билан йўловчилар учун жуда қулай бўлган брутто шартномаси тузиш ишлари олиб борилмоқда.
Айни вақтда 8 та электробус М-1 сонли “Темирйўл вокзали - Халқаро аэропорт, 10 таси М-2 сонли “Ватанпарпарвар” маҳалласи – “Самарқанд туман марказий шифохонаси”, 8 таси М-4 сонли “Темирйўл вокзали - Сиёб бозори” йўналишда, шунингдек, М-5, М15-сонли Темирйўл вокзалидан бошланадиган халқа йўналишларда, Т3 ва Т4-сонли Кимёгарлар қўрғонидан бошланувчи ҳалқа йўналишларда ҳамда М12-сонли “Ҳазора АББ-Сиёб АББ” шаҳар автобус йўналишларида йўловчиларга транспорт хизматини кўрсатмоқда.
Брутто шартномаси тузган жамоат транспортида ҳаракатланиши учун йўловчилар “АТТО” карталаридан фойдаланиши лозим. Чунки биринчи автобусга чиққан йўловчи 1600 сўм тўлов қилса, шу соатни ўзида иккинчи автобусга минганида 400 сўм йўл ҳақи тўлайди. Агар йўловчи 3 ва 4 марта автобусга минганида бепул ҳаракатланиши мумкин. Мазкур “АТТО” карталарини “Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамияти вилоят филиалининг барча бўлим ва шохобчаларидан харид қилиш мумкин. Банк карталари ёки нақд пул билан йўл ҳақи тўловчилар 2 минг сўмдан тўлашларига тўғри келади.
Брутто шартномаси тузган автобус ҳайдовчиларидан кунлик тушум талаб қилинмайди. Чунки брутто шартнома асосида ишлашда босиб ўтилган масофа ва йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатилгани учун тўлов тизими йўлга қўйилади. Энди жамоат транспортлари эрта тонг соат 6:00да йўналишга чиқиб, кеч соат 21:00 гача ҳаракатланиб, сўнгги йўловчини ҳам ўз манзилига етказиб қўйишга мажбур бўлади. Уларнинг ҳаракатлари GPS трекерлари билан назорат қилиб борилмоқда.
Дилмурод Тўхтаев.