Жанубий Корея компаниялари иштирокида Самарқандда 35 та корхона очилган
Хабарингиз бор айни вақтда Жанубий Корея президенти юртимизда бўлиб турибди. 13-15 июнга мўлжалланган давлат ташрифи арафасида Корея Республикаси президенти Ўзбекистонни минтақадаги “асосий ҳамкор” деб атаган. У ўз давлати “ижтимоий, иқтисодий ва демократик ривожланишда яқиндан ҳамкорлик қилишда давом этишини” айтиб, ташрифдан амалий натижалар кутаётганини билдирган.
Вилоятимизда Корея компанияларининг капитали иштирокида жами 35 та, шундан, 30 та қўшма корхона ва 5 та хорижий корхона фаолият юритиб келмоқда. Шунингдек, вилоятда Корея компаниялари билан ҳамкорликда бир қатор янги инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Ўтган 2023 йилда вилоятимизнинг Корея давлати билан товар айланмаси 17,3 миллион долларни ташкил этиб, шундан 17 миллион доллар импорт ҳамда 276,3 минг доллар экспорт амалга оширилган.
2024 йилнинг ўтган даврида эса Корея билан товар айланмаси 5,2 миллион долларни ташкил этиб, шундан 4,9 миллион доллар импорт ҳамда 296,1 минг доллар экспорт амалга оширилган.
Корея давлатига қилинган экспорт асосан тўқимачилик, ичимликлар, мева-сабзавот ва бошқа турдаги маҳсулотларга тўғри келмоқда.
Бундан ташқари, Самарқанд шаҳри ва Кореянинг Кёнгжу шаҳарлари ўртасида 2013 йилда, Самарқанд шаҳри ҳамда Кванджу ва Пусан шаҳарлари ўртасида 2023 йилда, Самарқанд вилояти ва Чунгчонгпук-до провинциялари ўртасида 2024 йилда биродарлашув меморандумлари имзоланган.
Бугунги кунда савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, инвестиция, соғлиқни-сақлаш каби қатор йўналишларда ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Маълумот учун, вилоят тадбиркорларининг 2023 йил 1-5 ноябрь кунлари Кореянинг Чхунчхон-пукто провинциясига ташрифи давомида JOONGBU университети, “Hana General Hospital”, “Wyne Plastic Surgery” ҳамда “Samsung Eye Clinic” клиникалари билан музокаралар ўтказилган. Шунингдек, ташриф давомида Самарқанд шаҳридаги ЗАРМЕД хусусий клиникаси ва Чхунчхон-пукто провинциясидаги JOONGBU университети ҳамда “Hana General Hospital” клиникаси ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш юзасидан меморандум имзоланган, дея хабар бермоқда вилоят инвестициялар, саноат ва ташқи савдо бошқармаси.