Жазосиз қолган жиноят ёки яқин ўтмишимизнинг энг қора кунларига бир назар
Ёлғоннинг оёғи олтита эмиш,
Бирини чопсангиз, бошқаси юрар.
Шу боис узундир умри ҳам унинг
Қабиҳ юрак билан жуфтлашиб турар.
Москвага учдим. Иттифоқ бош прокуратурасида Т.Гдлян гуруҳи аъзоларининг қонунсиз ҳаракатлари юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича ўн бешта терговчи жалб этилган тергов гуруҳи бошлиғи В.Ильюхинга учрашдим. У иш бўйича материаллар билан танишиб, фикр билдиришимни сўради.
Жиноят иши материаллари юз жилддан иборат эди. Мен Гдлян гуруҳи олиб борган бири-биридан чалкаш ишлар билан танишдим. Уларнинг ноқонуний, инсон шаънини ҳақоратлайдиган, номусга тегадиган тергов ҳаракатлари юракни ўртаб юборадиган даражада қабиҳ эди. Кўпчилик ўз жонига қасд қилган, айрим бегуноҳ инсонлар қамоқ қийноқлари оқибатида қилмаган ишлари ҳақида кўрсатмалар берган эди.
Бу фактларни йиғиб, сўроқ қилиниши лозим бўлган шахслар рўйхатини туздим. Судлар томонидан уларнинг ноқонуний ҳаракатларини тасдиқловчи ажримларни йиғдим. Дастлабки тергов давомида Гдлян, Иванов ва бошқа гуруҳ аъзоларининг манфур ишлари тўлиғича тасдиқланди. Гуруҳ терговчилари гумонланувчи тариқасида сўроқ қилинганида аксарият қисми айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, Гдлян ва Ивановнинг буйруғига асосан қонунга хилоф тергов ҳаракатлари ўтказилганини тасдиқлашди. Сўроқ баённомалари тегишли шахсларни айблаш мақсадида сохталаштирилган, гувоҳлар ва гумонланувчиларга мунтазам равишда тазйиқ ўтказилган. Тергов гуруҳи аъзолари ана шулар ҳақида тўлиқ кўрсатма берди.
Жумладан, жиноят иши бўйича Гдлян гуруҳида ишлаган Р.Пихашвили олиб борган тергов ҳаракатлари давомида жисмоний куч ишлатиб, гумонланувчиларга тан жароҳати етказган. Бу “хизматлари” учун Гдлян уни Гагра шаҳар прокурори лавозимига ўтишини “таъминлаган”.
Биз унинг ноқонуний ҳаракатларни рад этиб бўлмайдиган фактлар билан тасдиқланганимиздан кейин лавозимидан бўшатилиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди. Лекин грузиялик депутатлар уни кафилликка беришни талаб қилди. Тергов ҳаракатлари тугатилгач, Р.Пихашвили Грузия олий совети депутатлигига сайланди, кейин қонунчилик комиссияси раиси бўлди.
Табиийки, энди уни жавобгарликка тортиш учун Грузия олий советидан рухсат олиш талаб қилинди, грузинларнинг ўша даврдаги парламенти эса иттифоқ прокуратурасига уни суд қилишга розилик бермади. Оқибатда Пихашвили муқаррар жазодан қутулиб қолди...
Гдлян ва Иванов жиноий жавобгарликдан қутулиш мақсадида оммавий ахборот воситалари орқали бегуноҳ эканликларини, керак бўлса, жиноят иши Кремлга келиб тақалиши мумкинлиги, партиянинг энг катта ходимларига, сиёсий бюро аъзоларига нисбатан материаллар борлиги хақида бутун дунёга жар солди. Фирибгарлик йўли билан оммани ўзига қаратиб, иттифоқ олий советига депутат бўлди.
Иттифоқ бош прокурорининг уларни жиноий жавобгарликка тортиш ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш ҳақидаги тақдимномаларига жавоб берилмади. Олий совет ҳам уларнинг жиноий жавобгарликка тортилиши ва қамоққа олинишига розилик бермади. Ана шу тариқа бу қабиҳ инсонлар жазодан қутулиб қолди.
Ўша пайтда иттифоқ бош прокурори А.Сухревнинг муддати тугаб, бошқа ишга ўтди. Ўрнига иш бошлаган бош прокурор эса Гдлян ва Ивановларга шахсан ёрдам бериб, уларнинг ишини ҳаракатдан тугатди.
Ваҳоланки, Гдлян бошлиқ гуруҳ томонидан олиб борилган жиноят иши бўйича қишлоқ хўжалик вазири Усмонов, Бухоро вилоят партия комитети биринчи секретари Каримов, Қашқадарё вилояти собиқ бош прокурори, Шаҳрисабз тумани биринчи секретари Холиқовларга нисбатан жиноий ишлар олий судда кўрилиб, уларга ўлим жазоси берилган. Усмоновга нисбатан чиқарилган ҳукм ижро этилди, Каримов ва Холиқовга нисбатан чиқарилган ҳукм кейинроқ ўзгартирилиб, ўн беш йил қамоқ жазоси билан алмаштирилди.
Гдлян гуруҳи томонидан олиб борилган ишларда тергов сохтакорлигига йўл қўйилгани сабабли кўплаб ишлар судлар томонидан кўшимча тергов ҳаракатлари ўтказиш учун қайтарилди. Қўшимча тергов натижасига кўра, бир қатор жиноят ишлари ҳаракатдан тугатилди.
Самарқанд, Хоразм ва Андижон вилоятларида раҳбар бўлиб ишлаган Б.Раҳимов, Наманган вилояти раҳбари Н.Ражабов, Фарғона вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси раҳбарлари, Навоий вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Т.Ҳайитов, Ўзбекистон Олий совети раиси О.Салимов ва бошқалар айбланувидаги жиноят ишлари тугатилди.
Гдляннинг тергов гуруҳи Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Ҳ.Яҳёевга нисбатан жиноят иши қўзғатиб, уни қаматишга муваффақ бўлганди. Қамоққа олинган Яҳёев унга нисбатан қўлланган қийноқлар натижасида терговчиларга кўп марта ва кўп миқдорда пора олганлиги хақида кўрсатма беришга мажбур бўлган. Терговчилар унинг кўрсатмаларини текширмасдан ишни судга оширган.
Судда Яҳёев ҳеч кимдан пора олмаганлигини, бундай кўрсатма берса, ҳар хил қийноқларга солиниши мумкинлигини билдирган. Суд тергови давомида Ҳ.Яҳёевга нисбатан оқлов ҳукми эълон қилинди.
Гдлян ва Иванов бошчилигидаги тергов гуруҳи томонидан судга берилиб, ҳукм чиқарилган барча жиноят ишлари мамлакатимиз мустақилликка эришганидан кейин Олий суд томонидан қайта кўриб чиқилиб, ҳаракатдан тугатилди. Кўпчилик қисми бўйича оқлов ҳукмлари эълон қилинди ва кўплаб мутахассислар ишга тикланди. Лекин уларнинг оилалари, фарзандлари йиллар давомида қийналди, азоб-уқубат чекди.
Масалан, Б.Раҳимов қамоққа олинган пайтда унинг куёви Р.Қодиров КГБда ишларди. У ишдан кетмаслик учун икки фарзанди билан хотинидан ажрашди. Р.Қодиров кейинчалик ўн беш йил мобайнида Ўзбекистон Бош прокурори лавозимида ишлади ва йиллар давомида кўп миқдорда пора олиб келганлиги аниқланиб, жиноий жавобгарликка тортилди. Бунга ўхшаш мисоллар жуда кўп...
Умуман, Гдлян ва Ивановлар тергов гуруҳининг жиноий ва ғайриқонуний ҳаракатлари туфайли кўплаб раҳбарлар, мутахассис ходимлар ўз жонига қасд қилиш даражасига етди ва улар бевақт ҳаётдан кўз юмди. Бундан уларнинг оилалари, фарзандлари азият чекди.
Фаолиятим давомида Гдлян, Иванов ва бошқа жиноий жавобгарликка тортилмаган тергов гуруҳи аъзоларига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилиб, Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши лозимлиги, уларни жиноий жавобгарликка тортиш бўйича Ўзбекистон Бош прокурори Б.Мустафоевга бир неча марта таклиф киритгандим.
В.Ильюхинни шу масала бўйича Ўзбекистонга таклиф қилдим. У Тошкентга келганида Б.Мустафоев қабулида бир қарорга келиниб, жиноятчи тергов гуруҳини Ўзбекистонга экстрадиция қилишга ёрдам беришини билдирди. Амалда эса ҳеч қандай натижа бўлмади...
Лекин жиноятга жазо муқаррар. Бу ишни Стокгольмдаги Халқаро трибуналга бериш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман.
Исматилла ЙЎЛДОШЕВ.