Жиддий топшириқ ижросига уч ойда ҳам ечим топилмайдими?

Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказганига деярли уч ой бўлди. Учрашувгача ишбилармонларнинг муаммолари, таклифлари ўрганилди, уларни қийнаётган масалаларни ҳал этиш чоралари кўрилди.

Мулоқотда Давлатимиз раҳбари томонидан ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш, тадбиркорга шароит яратиш борасида бир қатор топшириқлар берилди. Ўз навбатида ишбилармонлар ҳам тегишли таклифларини билдиришди. Аммо орадан деярли уч ой вақт ўтди, таклифлар ва топшириқлар ижроси қандай бўлди?
Уч ҳафталик уринишлардан сўнг вилоят инвестиция ва ташқи савдо бошқармасидан қисқагина маълумот олдик.

“Президентнинг тадбиркорлар билан ўтказиладиган очиқ мулоқотигача тадбиркорлар томонидан жами 1172 та мурожаат келиб тушган бўлиб, вилоят даражасида 1012 тадан 946 таси, республика даражасида 159 тадан 154 таси ижобий ечим топган. Жами тижорат банклари томонидан 378 та масаладан 377 таси бажарилган. Вилоят ташкилотлари томонидан 586 тадан 536 таси бажарилган. Туман ҳокимликлари томонидан 207 тадан 187 таси бажарилган”.
Афсуски, тақдим этилган бу қисқагина маълумот учрашувгача эълон қилинган рақамлар эди, холос. Уч ой ўтиб ҳам Президентнинг долзарб масаладаги топшириғи ижросида эътиборсизлик қилинаётган бўлса, бошқа соҳаларда қандай самара кутиш мумкин?