Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Жигар саратони бўйича мураккаб жарроҳлик амалиёти Самарқандда ўтказилди

Самарқанд вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази филиали шифокорлари билан ҳамкорликда жигар саратони касаллигини даволашда артерия қон томирларида кимёвий эмболизация усули ёрдамида жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

– Онкологик хасталиклар ўзининг диагностикаси ва даволаш жараёни билан бошқа касалликлардан кескин фарқ қилади, – дейди Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали директори, профессор Миржалол Жўраев. – Шифокорларимиз Самарқанд тиббиётида илк марта жигар саратони касаллигини даволашда кимёвий эмболизация усулини қўллашди. Мазкур амалиёт мураккаб жараён бўлганлиги сабабли республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг бир гуруҳ малакали мутахассислари ҳам иштирок этиб, ёш тиббиётчиларга маҳорат сабоғини ўтди.

Шу вақтгача Россия, Ҳиндистон, Германия каби тиббиёт ривожланган давлатлар клиникаларида амалга оширилган мазкур жарроҳлик усули энди ўзимизнинг шифокорлар томонидан муваффақиятли амалга оширилмоқда. 

Бахтиёр МУСТАНОВ.