Жиноятчи ҳайвонлар

Ҳа, тўғри ўқидингиз. Ҳақиқатан ҳам жиноятчи ҳайвонлар бор. Одамлар қонунни бузса, албатта жазоланади. Лекин агар қонунни бирор бир ҳайвон, масалан, мушук бузса-чи? Унга қандай жазо кўрилади? Ахир унинг панжалари учун ҳатто қўлкишан ҳам ихтиро қилинмаганку. Мабодо сиз ҳайвонлар жиноятга қўл урмайди, десангиз, янглишасиз, биз эса бундай эмаслигини исботлаб, ҳайвонлар томонидан содир этилган жиноятлар ҳақида гапириб берамиз.

Ўғри чайка
Рўйхатимиздаги биринчи жиноятчи тажрибали ўғри. У Шотландиянинг Абердин шаҳрида яшайдиган Сэм лақабли балиқчи қушдир. Эпчил қуш “RS McCol” дўконини ўзига маъқул кўриб, дўконда одамлар камроқ ёки хизматчи касса ёнида бўлган пайтни кутади, сўнг ҳужумини амалга оширади. У лапанглаб «Доритос» чипслари жойлашган стенд томон юриб, тезда тумшуғи билан чипслар пачкасини илиб олиб, қочиб кетади.

Қизиғи, уни фақат айнан шу маркадаги картошка чипслари қизиқтиради. Мабодо Сэм очкўз экан, деб ўйламанг. У ўлжасини бажонидил патли дўстлари билан баҳам кўради. Бу чайка тўғрисида бутун шаҳар билади, баъзида одамлар чипслар сотиб олиб, Сэмга бериш учун бу ерга келишади.

Босқинчи мушук

Янги Зеландиянинг Оклэнд шаҳрида яшовчи 11 ёшли Оскар лақабли мушук кўп йиллар давомида икки томонлама ҳаёт кечиради – у бошқа одамларнинг пайпоғини ўғирлайди. Эгаси Пол Вай мушук унинг уйига уч мингга яқин пайпоқ олиб келганини айтади. Аввалига эркак барча ўғирланган пайпоқларни қайтариб бермоқчи бўлди, лекин кейин бундай қилиш жуда қийин кечишини тушуниб етди. У барча пайпоқларни йиғиб, хайрия ташкилотларига беради. Пайпоқлар Оскарнинг ягона заиф томони эмас, баъзида у уйга кир ювиш саватларидан тортиб олинган ёки қўшниларнинг арқонидан ўғирланган ички кийимларни ҳам олиб келади.

Бабуинлар тўдаси

2009-2011 йиллар мобайнида Жанубий Африканинг Кейптаун шаҳрида автомобиль ҳужумлари кескин ўсди. Бу оддий воқеа бўлган бўларди, бироқ янги жиноий тўданинг раҳбари 29 та бабуиндан иборат жиноий гуруҳнинг бошлиғи Фред лақабли маймун эди. Айнан ўша пайтда шаҳар 2009 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилар ва Кейптаунга кўплаб сайёҳлар ва футбол мухлислари ўз машиналарида келганди. Кўчалардаги кўп сонли машиналар эса бу тўданинг фойдасига ишларди. Улар ҳар куни озиқ-овқат излаб, қўйилган машиналардан олиб чиқиш мумкин бўлган ҳамма нарсани олиб кетишарди. 2011 йилнинг 25 мартида Фред қўлга олинди ва тўда ўз фаолиятини тўхтатди.

Қароқчи-орангутан

Асирликда тарбияланган Принцесса лақабли орангутан нафақат имо-ишора тилида гапира олади, балки у қароқчи ҳамдир. У дарёни кесиб ўтиб, ўзи учун овқат топиш мақсадида бу каноэ қайиқларидан фойдаланади. Маҳаллий аҳоли уни чалғитиш ниятида барча қайиқларни арқон билан боғлаб қўйишди. У бўлса тезда уларни қандай қилиб ечиб олишни уддалади. Энди барча каноэ эгалари қайиқларига оғир тошлар ортиб, фақат шу тарзда орангутан уларни ўғирлай олмаслигига ишониб, сувга чўктириб қўйишга мажбур бўлишяпти.

Автомобиль ўғриси - айиқполвон

Калифорниянинг Тахо кўлида дам олаётган Маккартилар оиласи айиқ айби билан машинасиз қолишига сал қолди. Тунги соат учларда ҳайвон чодир ёнида тўхтаб турган машинага “кирди” ва тасодифан машинани қўл тормозидан чиқариб юборди. Айиқполвон шу пайт ҳаётидаги энг ақлбовар қилмас саёҳатини ўтказган бўлса, ажабмас. Унинг бахтига машина тезда яқин турган каттатошга тўқнашиб, тўхтаб қолди. Айиқ ғазабланган одамларни кутиб ўтирмасдан тезда ўрмон томон ғойиб бўлди. Воқеа жойига етиб келган шериф ўринбосарининг далолатномада “машинани айиқ ўғирлаб кетган” деб ёзишдан бошқа чораси қолмади.

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.