Жиноятчини таниб олиш мумкинми?
– Жиноят илдизларини руҳиятдан излаш ҳар доим ҳам ўзини оқламайди. Дунё миқёсида ҳам, юртимизда ҳам жиноятчиликнинг илк сабаблари ижтимоий муҳитга бориб тақалади. Оиладаги кризислар, моддий етишмовчилик, инсоннинг маънавий қадриятлардан бехабарлиги ҳам асосий сабаб ҳисобланади.
Қолаверса, жамиятдаги ижтимоий адолатсизлик ҳам бевосита бўлмаса-да, аммо билвосита жиноятчиликнинг кўпа-йишига олиб келади.
– Бу фикрингиз изоҳталаб…
– Мисолни узоқдан эмас, бу йил ўтказилган тест синовларининг шаффофлиги, ҳаққонийлик кузатилганидан олсак бўлади. Бу ҳолат қанчадан-қанча ёшларнинг кўнглида умид уйғотди, ўз келажагига нисбатан ишонч пайдо қилди. Энди тасаввур қилинг, аввалги йилларда олий таълим муассасаларига ўқишга киришдаги турли ноқонуний йўллар ёшларга қандай таъсир кўрсатарди? Билими йўқ, аммо институтга қинғир йўллар билан кирган битта бола яқинидаги ўнлаб тенг-дошларининг руҳиятига зарба беради. Коррупция йўли билан талаба бўлган ёш келажакда ишини ҳам шу йўл орқали топади ва шундай яшаш энг тўғри йўл деб ҳисоблайди. Умр йўли занжирсимон тарзда коррупция билан боғланиб кетаверади. Бундай муҳитга эса жамиятда йўл бор. Билимли, адолатпарвар ёшларда нафақат тенгдоши, балки жамиятга нисбатан ҳам кўнглида адоват вужудга келади ёки хорижга кетиб қўя қолади.
– Ишончи йўқ инсонга эса икки дунё бир…
– Ҳа, худди шундай. Ишончи йўқ одамда лоқайдлик, бефарқлик, масъулиятсизлик шакллана бошлайди. Бундай ҳолатдаги кишиларда жиноят содир этишга мойиллик кучли бўлади. Биз узоқ йиллар "Эҳ-ҳе, мамлакатимизда коррупцияни йўқотиш учун юз йиллар керак", деб ҳисоблаб келдик. Аммо мана, тест синовларида коррупцияни йўқотса бўлар экан-ку. Агар коррупцияга қарши кураш шу тезликда давом этса, ижтимоий адолатга эришиш йўлига жуда яқинмиз.
– Бу фикрларингиз билан жиноятчиликда инсон руҳий инқирозларининг ҳиссаси йўқ, демоқчимисиз?
– Йўқ, албатта! Юқорида таъкидлаганимдек, буларнинг бари инсон руҳиятига таъсир этувчи омиллар-ку! Бундан ташқари, яна бир муҳим жиҳатни инобатга олишимиз керак. Оиладаги тарбия. Бу ҳақда кейинги пайтда кўп айтиляпти. Аммо ота-онадан меҳр кўрмаган, бобо-бувиларининг қўлида қолган, ҳеч бўлмаса, бир марта дастурхон атрофида суҳбат қурилмаган оилада улғаяётган фарзандларда муаммо бўлиши эҳтимоли жуда катта.
БИР ЙИЛДА 300 МАРТА ҚАБУЛ БЕПУЛ
– Дейлик, ёшларда ёки катта ёшли кишиларда ҳаётдаги турли вазиятларда муаммо юзага келди, ундан чиқиб кетолмаяпти. Муаммо эса уни кемириб ётибди, ундан халос бўлиш учун фақат руҳшунос ёрдами керак. Мурожаат қиладиган руҳшунослар етарлими, уларни қаердан топиш керак ўзи?
– Мана бу оғриқли масала. Германияда бир кишига руҳшунос мутахассис бир йилда уч юз марта бепул хизмат кўрсатади. Пойтахтимиздан ташқари барча вилоятларда афсуски, руҳшунос хизматлари жуда кам. Бармоқ билан санарли. "Сабр" маркази руҳшунослари узоқ йиллардан бери бу вазифани бажариб келяпти. Яна бир-иккита пуллик қабуллар бор, ҳатто танлаш имконияти ҳам йўқ. Ваҳоланки, руҳшунос кўриги бир марталик эмас. Психолог бир марта мижоз билан гаплашиб, мўъжиза содир этмайди, камида ўн кун давомида у билан мулоқот қилиши, инсоннинг хаёлидан кечаётган фикрлар, унинг болалиги билан боғлиқ хотиралар – барчасини ўрганиши, таҳлил этиши лозим.
– Мамлакатимизда ушбу соҳанинг бу қадар оқсашига сабаб нима деб ўйлайсиз?
– Собиқ иттифоқ даврида кибернетика, мантиқ фанлари билан бирга психология дарсларига ҳам жуда кам соатлар ажратилганди. Бунинг сабаблари тушунарли бўлса керак. Шу туфайли мутахассис етишмаслиги муаммоси ечимсиз қолган. Юртимизда бу соҳада тўққиз нафаргина фан доктори бор. Эндиликда соҳада узоқ кутилган жараён бошланди: биргина Самарқанд давлат университетига шу йўналишда бу йил юзта квота ажратилди, бу соҳада сиртқи, кечки бўлимлар ташкил қилинди. Мактаб психологларининг ойлик маоши оширилди, дарсликларга оила психологияси фани киритилди. Аммо амалга ошириладиган ишлар ҳали жуда кўп. Мутахассисларни малака ошириш учун чет элга жўнатиш, аҳолига психологик ёрдам кўрсатадиган хусусий клиникаларни кўпайтириш, энг муҳими, психология илмий-тадқиқот институтини ташкил қилиш лозим. Оммабоп, аммо сифатли қўлланмалар, адабиётларни кўпайтириш кечиктириб бўлмайдиган талаблардан бири. Мамлакатимизда оилалардаги кризис ҳолатини ўрганадиган "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази, хотин-қизлар муаммоларини таҳлил қилиб, умумлаштирадиган, уларга ёрдам берадиган хотин-қизлар қўмитаси каби қатор ташкилотлар фаолият юритмоқда. Улар оилалардаги муаммоларни ўрганиб, бир марта ҳал қилиб бериши мумкин. Аммо кризис ҳолатдаги оилалар билан ишлайдиган, улар билан ишлашда нималарга эътибор қаратиш лозимлигини йўриқнома сифатида тақдим этиши керак бўлган мутахассис психолог бўлиши керак, назаримда.
– Жиноятчини болаликдан таниб олиш мумкинми?
– Бу соҳа билан шуғулланган мутахассислар болалигидан асабий, ҳайвонларни қийнаб, ҳузур қиладиган, олов ёқиб, ёндиришга ўч болалар билан ўз вақтида шуғулланиш керак, акс ҳолда, улар келажакда жиноят содир этишга мойил бўлади, дейишади. Лекин бу фикрга ҳам юз фоиз қўшилиб бўлмайди. Аммо ҳар бир ота-она бундай хулқли фарзандларига эътиборли бўлишлари талаб этилади.
– Жиноятчиларнинг феълида умумий белгилар борми, улар нималарда кўринади?
– Хорижлик мутахассислар бу борада тадқиқот ишлари олиб борган. Ҳақиқатан ҳам жиноятчилар феълида қайсидир умумийлик ҳолатлари аниқланган. Бу тадқиқот натижаларига кўра, импульсив, эмоционал жиҳатдан ривожланмаган, жамиятга мослашиши қийин, ўзидан қониқмайдиган, хатти-ҳаракатларига нисбатан жавобгарлик ҳис қилмайдиган инсонлар кўпроқ жиноятга қўл уриши аниқланган. Қотиллик жинояти содир этган шахсларда эса шахслараро муносабатда ҳаддан ортиқ эътиборли, шубҳаланувчан, ташқи муҳитга нафрати борлиги кузатилган. Улар бу характери туфайли вазиятга тўғри баҳо беролмайди, аффект таъсирида осон ўзгаради.
Бироқ хулосалар ҳар қандай ҳолатда ҳам нисбий, яъни шундай феълли инсонлар жиноят содир этади, дегани эмас.
Гулруҳ МЎМИНОВА
суҳбатлашди.