Жиу житсу – кучни енгадиган жанг санъати
Бугун дунё бўйича оммалашиб бораётган аралаш жанг санати (MMA)нинг асоси бўлган жиу житсу яккакурашлар ичида энг самаралиси, деб этироф этилади. Мазкур яккакурашнинг келиб чиқиши Япониядан бўлса-да, вақт ўтиб Бразилияда ривожланди. Жиу житсу жанг санъати техникаси орқали ҳаттоки, ўзидан кучли инсонни мағлуб этиш мумкин.
Юртимизда спортга берилаётган эътибор туфайли кўпгина яккакураш турлари бизга кириб келди. Шулардан бири жиу житсу ҳисобланиб, 2017 йилда Жиу житсу федерацияси ташкил этилди. 2018 йилга келиб Самарқандда ушбу спорт мактабига жанг санъатлари бўйича мутахассис Суннат Нарзиқулов томонидан асос солинди.
2019 йилнинг декабрь ойида С.Нарзиқулов томонидан ушбу спорт тури бўйича “Джиу Джитсу – техника побеждает силу” (“Жиу Житсу – кучни енгадиган техника”) номли китоб нашрдан чиқди. Ушбу асар услубий қўлланма сифатида чиқарилиб, унда жиу житсунинг пайдо бўлиш тарихи, йўналишлари, ҳозирги давр ҳолати ва бошқа яккакураш турларидан фарқли жиҳатлари ҳақида кенг маълумот беради.
Жумладан, жиу житсунинг бошқа спорт турларидан фарқи қуйидагилардан иборат:
► техниканинг мукаммаллиги, яъни техника ёрдамида ҳатто кучли инсонни ҳам мағлуб этиш имкониятининг мавжудлиги;
► тез, осон ва қисқа муддат ичида ўзлаштириш мумкинлиги;
► айни вақтда энг оммабоп спорт турларидан бири эканлиги.
Хулоса қилиб айтганда, юртимизда жиу житсу спорт тури, хусусан, бразилча жиу житсу йўналиши оммалашиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан соғлом авлоднинг жисмонан ва руҳан камолга етишида жиу житсу спорт турининг ҳам алоҳида ўрни бор.