Жомбойдаги янги корхоналарга пресс-тур
Кеча журналист ва блогерлар учун Жомбой туманига пресс-тур ташкил этилди.
Инвестиция дастурлари доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар ва экспортёр корхоналар фаолияти билан таништириш мақсадида ўтказилган тадбирда биринчи манзил "Мilk Vill" масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонаси бўлди.
Бу ерда сутни қайта ишлаш йўлга қўйилган. Қиймати 24 миллиард 950 миллион сўм бўлган мазкур лойиҳа ишга тушгач, 25 та янги иш ўрни яратилган. Корхонада ҳозирча қуруқ ва қуюлтирилган сут ҳамда сариёғ тайёрланмоқда. Яқинда музқаймоқ ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши режалаштирилган.
- Туманда 2 та кичик саноат зонаси мавжуд бўлиб, ҳар бирида 40 тадан корхона фаолият олиб боради, - дейди туман ҳокими Қаюм Собиров. - Бу саноат зоналари ҳудудини замонавий кўринишга келтириш учун лойиҳа ишлаб чиқилган. Бу ерга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган ёшларни таклиф қиляпмиз. Яна кўплаб янги иш ўринлари яратилади.
Пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари тумандаги 3 та ишга тушган корхона ҳамда 1 та амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳа билан танишди.
Тадбирдан сўнг туман ҳокими иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).